Саҳиба Гафарова: Осиё кучли стратегик минтақа, Ўзбекистон эса унда ўрнак бўлаётган етакчи давлатдир
Осиё хоттин-қизлари форумида иштирок этган Озарбайжон Республикаси Миллий Межлиси раиси Саҳиба Гафарова ўз фикрлари билан ўртоқлашди:
– Ўзбекистон Президенти барча соҳаларда, шу жумладан, гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш бўйича жуда катта ислоҳотлар олиб бормоқда.
Энг муҳими, Ўзбекистон ўзи билан бирга атрофдаги бошқа давлатларнинг ҳам шу йўналишда ривожланиши ва жипслашиши учун катта ишлар қилмоқда.
Ўзбекистон Президентининг форумга йўллаган мурожаатини жуда катта мамнуният билан тингладик. Унда келтирилган рақамлар орқали шуни англаш мумкинки, Ўзбекистонда аҳолининг ҳар бир қатлами, айниқса, хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, уларнинг сиёсий соҳа ва давлат тизимидаги ўрнини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Осиё кучли стратегик минтақа бўлиб, унда Ўзбекистон ўрнак бўлаётган етакчи давлат сифатида намоён бўлмоқда.
Хотин-қизларнинг таълим олиши, айниқса, магистратуранинг бепул бўлиши – бу катта рағбатдир. Бугун биз Осиё хотин-қизлари форуми доирасидаги кўргазмада ҳам гувоҳ бўлдикки, аёллар тадбиркорлиги анча ривожланган.
Ёш қизларнинг рақамлаштириш соҳасидаги кучли стартап лойиҳалари давлат томонидан амалга оширилаётган ишларнинг ёрқин намунасидир.
Н.Абдураимова, ЎзА