“Ўзбекистон – 2030” стратегияси: аҳоли фаровонлиги ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш асоси
Янгиланган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакат иқтисодиётини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган бўлиб, унда таркибий ўзгаришлар, юқори қўшилган қиймат яратиш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва аҳоли даромадларининг барқарор ўсишини таъминлаш устувор вазифалар сифатида белгиланган.
Стратегиянинг бош мақсади – 2030 йилга қадар иқтисодиёт ҳажмини камида икки баравар ошириш, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадларни 5800 долларга етказиш ҳамда мамлакатни “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига киритишдан иборат.
Мазкур мақсадларга эришишда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан, ялпи ички маҳсулот ҳажмини 2030 йилга қадар 240 миллиард долларга етказиш, инфляция даражасини 5–6 фоиз атрофида барқарорлаштириш, бюджет тақчиллигини ЯИМга нисбатан 3 фоиздан оширмаслик ва давлат қарзини 50 фоиздан юқори бўлмаган даражада ушлаб туриш каби муҳим вазифалар белгиланган.
Ушбу чора-тадбирлар иқтисодиётнинг ташқи таъсирларга чидамлилигини ошириш билан бирга, ижтимоий дастурлар ва инфратузилмани барқарор молиялаштиришга хизмат қилади.
Стратегия доирасида солиқ-бюджет ва молиявий бошқарув тизимини такомиллаштириш ҳам алоҳида ўрин тутади. Хусусан, солиқ тушумларининг ЯИМдаги улушини 17,3 фоизгача ошириш ва божхона тушумларини камида 4,4 фоиз даражасида таъминлаш режалаштирилган. Шу билан бирга, давлат харажатларининг самарадорлигини ошириш мақсадида 52 та вазирлик ва идорани тўлиқ “дастурий бюджетлаштириш” тизимига ўтказиш кўзда тутилган. Бу эса бюджет маблағларидан фойдаланишда натижадорликни кучайтиришга хизмат қилади.
Саноатни ривожлантириш ва юқори қўшилган қиймат яратиш стратегиянинг марказий йўналишларидан бири ҳисобланади. 2030 йилга қадар технологик маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини 2,5 баравар ошириш, саноатда қўшилган қийматни 60 миллиард долларга етказиш ва 1,8 миллион юқори даромадли иш ўринларини яратиш режалаштирилган. Шунингдек, енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни 1 миллион донага етказиш, машинасозлик, электротехника, кимё ва фармацевтика тармоқларини ривожлантириш орқали иқтисодиётнинг янги “ўсиш драйверлари” шакллантирилади. Бу жараён ҳудудларда иқтисодий фаолликни ошириш ва аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлади.
Шу билан бирга, стратегияда “яшил иқтисодиёт”га ўтишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Қайта тикланувчи энергия манбаларининг умумий қувватини 25 минг МВт.га етказиш ва уларнинг умумий генерациядаги улушини 54 фоизгача ошириш режалаштирилган.
Бундан ташқари, иссиқхона газлари интенсивлигини 2010 йил даражасига нисбатан 35 фоизга қисқартириш кўзда тутилган. Ушбу чоралар нафақат экологик барқарорликни таъминлайди, балки энергия хавфсизлигини мустаҳкамлаб, узоқ муддатли иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлайди.
Хулоса қилиб айтганда, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакат иқтисодиётини комплекс ривожлантиришга қаратилган тизимли дастур бўлиб, у аҳоли фаровонлиги ва ижтимоий барқарорликни таъминлашнинг муҳим институционал асосини шакллантиради.
Жамшид ШАРИПОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи.
ЎзА