Ўзбек тили ўзбекона тафаккур тили бўлиши учун...
Мулоҳаза
Қизим бу йил мактабга чиқди. Боғчада ўзбек ва рус тили аралаш бўлган гуруҳда тарбияланди. Мактаб ёшига етиб, боғча билан хайрлашиш вақти келганда кўпгина гуруҳдош болаларнинг оналари билан суҳбатлашганимда, уларнинг аксарияти боласини рус тили синфига беришларини айтди.
Бизнинг оиламизда ҳам “ўзбекками, русгами” деган танловни муҳокама қилиш бошланди. Бир хаёлим “рус синфга бераверамиз, тил ўрганади, шаҳар жойда рус тилига нўноқ бўлиб қолмасин”, дейди. Бир хаёлим эса “илк сабоқни ўз она тилида, мазмун-моҳиятни тўла англаган ҳолда, ич-ичидан тафаккур қилган ҳолда олгани яхши, ўзбек синфга бер”, дейди.
Хуллас, бу иккиланиш важидан кўплаб танишлар билан гаплашдим, маслаҳатлашдим. Айримлар ўзбек синфини маъқулласа, кўпчилик рус синфида таҳсил олиши фойдалироқ бўлишини маслаҳат беришди. Қизиғи, зиёли, илм-маърифатли қатлам бўлган аксарият танишларим русча таълим олишни тўла қўллаб-қувватлашини, ўзларининг болалари ҳам боғчадан бошлаб мактабу олий таълимгача рус тилида ўқиётганини айтишди. Ва менга ҳам ҳеч иккиланмасдан русча таълимни танлашни қатъий маслаҳат беришди.
Ахийри, биз ота-она ва ўзбек синфида таҳсил олаётган опаси маслаҳатлашиб, бу иккиланишга нуқта қўйдик: қизим ўзбек синфига боради!
Чунки қизимни ўзбекча, миллий руҳда таълим-тарбия олишини, ўзбекча фикрлаши ва тафаккур қилишини, ўзбекона менталитетда улғайишини хоҳладик. Тил билиши, хорижий тилларни ўрганиши, албатта, зарур — бу алоҳида масала. Аммо илк сабоқни ўз она тилида олсин, табиат-оламни, борлиқни, мавжудотларни, Ватанни ўз тилида тушунсин, дарсликларни ўз тилида ўргансин, тафаккур қилиши ўз тилида бўлсин, фикрлай олиш қобилияти, аввало, ўз она тилида шакллансин, дедик.
Афсуски, бугун кўпгина ота-оналар боласини тил ўрганиши важидан хорижий тилларда таълим-тарбия олишини хоҳлашмоқда. Бунинг учун оилада ҳам кўпроқ хорижий тилларда мулоқот қилишга аҳамият қаратишмоқда, телевизор ёки Интернет тармоқларидан ҳам хорижий тиллардаги мультфильм ёки контентларни қўйиб беришади. Оқибатда айрим болалар мулоқот давомида ўзбек тилидаги оддий сўзларни ҳам айта олмай, моҳиятини тушунолмай қоляпти, ўзбекча фикрлашга қийналиб қолишяпти.
Тўғри, қанча кўп тил билса, шунча яхши, имконият шунча кенгаяди. Тил билган — эл билади, дейишади. Хорижий тилларни пухта ўрганиш инсонни камолотга етаклайди, хорижий тиллардаги адабиётлардан, контентлардан кенг фойдаланиш билимни мустаҳкамлайди, фикрлаш ва таҳлил қилиш имкониятларини кенгайтиради.
Аммо болаларимиз, аввало, оиладан бошлаб она тилида мулоқот қилишни ўрганиши, дастлабки саводини ўз тилида чиқариши — миллат руҳи ўлароқ она тилимизни сақлаб қолишда, асраб-авайлашда, келажак авлодларга борлигича етказишда долзарб аҳамиятга эга.
Ҳозирда қизим ўзбек тилида таълим оляпти ва барча дарсликларидаги мавзуларни тўлиқ тушуниб, англаб ўрганяпти. Рус тилига йўналтирилган синф ўқитувчиси билан суҳбатлашганимда, кўпчилик болалар она-онасининг хоҳиши билан шу синфда ўқиётгани, аммо айримлари мавзуларни тушуниб-тушунмай ўтирганини айтиб, ёзғириб қолди. Бу ҳолат эса жуда ачинарли.
Тил миллатнинг руҳи, миллий ғурури сифатида эътироф этилади. Ана шу миллий руҳият ва ғурурни асраб-авайлаш эса она тилимизга эътибордан бошланади, унда сўзлашиш, мулоқот қилиш, фикрлашиш, билим олишдан бошланади. Шундай экан, улғаяётган жажжи фарзандларимизнинг бийрон “тили” ўз она тилида чиқишига, миллий руҳият билан тафаккур қилишига ўргатмоғимиз лозим, таълим-тарбияни, аввало, ўз она тилида олишига жиддий ёндашмоғимиз зарур.
Муҳтарама Комилова, ЎзА