Давлат тилининг нуфузи қонун тилидан бошланади
Тил байрамида ўзбек тилининг тарихи ва бадиий имкониятлари ҳақида кўп гапирамиз. Лекин давлат тилининг нуфузи давлат қабул қиладиган ҳужжатларда, айниқса қонунларда ҳам намоён бўлади. Чунки қонун давлатнинг фуқаро билан гаплашадиган асосий ҳуқуқий тили.
Ноаниқ ёзилган қонун бир хил ишламайди
Қонун инсонга ҳуқуқ беради, мажбурият юклайди, давлат органининг ваколатини белгилайди. Ундаги битта сўз ҳам ҳуқуқий натижани ўзгартириши мумкин. Масалан, «мумкин» танлаш имкониятини, «шарт» эса мажбурий талабни ифодалайди. «Ва» билан «ёки» боғловчиларининг алмашиши ҳам шартларнинг қандай бажарилишини ўзгартиради.
«Маъқуллаш» ва «тасдиқлаш» сўзлари кундалик нутқда яқин туюлади. Ҳуқуқда эса улар муайян ҳолатда турли субъект, босқич ва оқибатни ифодалаши мумкин. Шунинг учун юридик атамаларни эркин алмаштириш мумкин эмас.
Ноаниқ норма бир идорада бир хил, бошқасида ўзгача талқин қилинишига олиб келади. Бу ортиқча бюрократия, низо ва судлашувга сабаб бўлиши мумкин. Қонун тилига эътибор ҳуқуқий аниқлик ва фуқаролар манфаатларига эътибордир.

Тушунарли қонун — соддалаштирилган қонун эмас
Қонунни тушунарли ёзиш унинг мазмунини енгиллаштириш дегани эмас. Тушунарли қонунда ҳар бир атама бир маънода ишлатилади. Ҳуқуқ кимга берилгани, мажбуриятни ким бажариши, қарорни қайси орган қабул қилиши аниқ кўринади.
«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонун ҳам ҳужжат матни аниқ, лўнда, оддий ва равон бўлишини, турлича шарҳлашга олиб келувчи ноаниқликларга йўл қўйилмаслигини талаб қилади. Қонун тили матннинг ташқи безаги эмас, ҳуқуқий норманинг ажралмас қисмидир.
Лойиҳа парламентда нега қайта-қайта текширилади?
2025 йилда Қонунчилик палатасига 170 та янги қонун лойиҳаси киритилди. Аввалги йилдан ўтганлари билан бирга 204 та лойиҳа кўриб чиқилиб, 171 та лойиҳани қамраб олган 133 та қонун қабул қилинди. Бу парламентдаги иш ҳажмини кўрсатади.
Ҳар бир лойиҳа парламентда мазмунан ва тил жиҳатидан ўрганилади. Масъул қўмиталар нормалар бошқа қонунларга мослигини, атамалар ва ҳаволалар аниқлигини текширади. Қонун лойиҳаси, қоида тариқасида, уч ўқишда кўриб чиқилади.
Қонунчилик палатасида Норматив-ҳуқуқий атамалар комиссияси ташкил этилган. У атамаларнинг қонунчиликда қабул қилинган маънода, ягона шаклда ва турлича талқинга йўл қўймайдиган тарзда қўлланишини ўрганади. Комиссия йиғилишларидан бирида бир қонун лойиҳасига давлат тили қоидалари асосида 30 дан ортиқ тузатиш таклиф этилган.
Қонунчилик палатаси Девонида Лингвистик экспертиза, таржима ва таҳририят бўлими фаолият юритиши ҳам бу ишга институционал эътиборни кўрсатади. Матндаги имло билан бирга ҳуқуқий тушунчалар, жумлалар мантиғи ва турли тиллардаги матнларнинг мазмуний мувофиқлиги ҳам муҳим.
Лингвистик экспертиза — оддий таҳрир эмас
Корректор имло ва пунктуацияни текширса, лингвистик эксперт сўз ҳуқуқий мазмунни тўғри ифодалаганми, норма бир неча маънода тушунилиши мумкинми, деган саволларга ҳам эътибор қаратади.
Амалдаги қонунчиликда ҳуқуқий ва коррупцияга қарши экспертизалар мажбурий. Лингвистик экспертиза эса ишлаб чиқувчи ёки ҳужжатни қабул қилувчи орган қарорига кўра ўтказилиши мумкин. Демак, барча лойиҳалар тил жиҳатидан бир хил чуқурликда текширилиши умумий мажбурий талаб эмас.
Инсон ҳуқуқлари, жавобгарлик, солиқ, тадбиркорлик ва кенг жамоатчилик манфаатларига дахлдор лойиҳалар учун лингвистик экспертиза қамровини кенгайтириш мақсадга мувофиқ. Унинг мезонлари ва натижаларини кўриб чиқиш тартиби ҳам аниқ бўлиши лозим.
Сифат талаби парламентдан олдин бошланиши керак
Қонунчилик палатасининг 2025 йилги фаолияти таҳлилида айрим лойиҳалар сифати етарли эмаслиги ва парламентда жиддий қайта ишланаётгани қайд этилган. Парламентга хом ҳужжат келса, мутахассислар вақти мазмуний масалалар ўрнига техник камчиликларни бартараф этишга кетади.
Шунинг учун лойиҳани тайёрлашнинг дастлабки босқичидан ҳуқуқшунос ва тилшунос ҳамкорлик қилиши, асосий атамалар олдиндан келишилиши керак.
Парламент тадқиқотлари институти қонун лойиҳаларини илмий экспертизадан ўтказиш ва таҳлилий ўрганишда нормаларнинг илмий асослангани, мантиқий изчиллиги ва ҳуқуқий ҳаволаларга эътибор қаратади. Сифатли қонун учун ҳуқуқшунос, тилшунос ва соҳа мутахассисининг ҳамкорлиги зарур.
Давлат тили рақамли муҳитда ҳам ҳуқуқий аниқликни сақлаши керак
Ўзбек тилини рақамли технологияларга интеграция қилиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айланмоқда. Электрон тил ресурслари ва сунъий интеллект воситалари ҳуқуқий атамаларнинг турлича ишлатилишини, эскирган ҳаволаларни ва таржималардаги эҳтимолий фарқларни аниқлашга ёрдам бериши мумкин.
Бироқ дастур ҳуқуқшунос ёки тилшунос ўрнини босмайди. Қайси атама ҳуқуқий жиҳатдан тўғрилигини инсон белгилайди. Умумий тил ресурслари негизида Конституция, кодекслар, қонунларнинг амалдаги ва тарихий таҳрирлари, парламент материаллари ҳамда тасдиқланган атамаларни қамраб олган миллий ҳуқуқий тил корпусини шакллантириш мақсадга мувофиқ.
Қонун фақат мутахассис учун ёзилмайди
Қонуннинг асосий манзили — фуқаро. Тадбиркор ўз мажбуриятини, ота-она боласига берилган кафолатни, ходим меҳнат ҳуқуқини қонундан англай олиши керак.
Муҳим қонунлар билан бирга фуқаролар учун содда шарҳлар ҳам эълон қилиниши мумкин: нима ўзгарди, кимга тааллуқли, қандай ҳуқуқ ёки мажбурият пайдо бўлди, қонун қачондан амал қилади? Бу шарҳлар расмий матнни алмаштирмайди, балки фуқаро билан қонун ўртасидаги масофани қисқартиради.
Олдинда турган амалий вазифалар
Лингвистик таҳлил концепция ва дастлабки матн тайёрланаётган босқичда бошланиши, юридик атамаларнинг очиқ электрон базаси мунтазам янгиланиши керак. Ўзбекча қонун матни билан қорақалпоқча, русча ва бошқа тиллардаги таржималарнинг мазмуний мувофиқлигини текшириш учун ҳам аниқ стандарт зарур.
Норматив-ҳуқуқий атамалар комиссияси, Қонунчилик палатаси Девони, Парламент тадқиқотлари институти, олий таълим ва илмий муассасалар ҳамкорлиги доимий иш механизмига айланиши лозим. Миллий юридик тил қонунларни тайёрлаш, қўллаш ва илмий таҳлил қилиш жараёнида ривожланади.
Байрамнинг амалий мазмуни
Давлат тилининг обрўси фақат тантанали тадбирлар билан ўлчанмайди. У фуқаро расмий ҳужжатни ўқиганда, суд қарорини тушунганда ва қонундан ўз ҳуқуқини топа олганда намоён бўлади.
Қонун тили халқ тилидан узилмаслиги, айни пайтда ҳуқуқий аниқликдан чекинмаслиги керак. 21 октябрь ҳар бир қонунни давлат тилида аниқ, равон, мантиқан изчил ва фуқарога тушунарли ёзиш масъулиятини эслатадиган кундир.
Лазиза Ниёзова
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари
институти бош илмий ходими