Ўзбек тили байрами юксак савияда нишонланмоқда
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни байрам муносабати билан табриклади.
Таъкидланганидек, барчага аёнки, тил – бу халқимизнинг тарихи, урф-одат ва анъаналарини ўзида мужассам этган бебаҳо хазинамиздир. Шунинг учун ҳам, сўнгги йилларда Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда рўй бераётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида давлат тилларимиз бўлган ўзбек ва қорақалпоқ тилларини янада ривожлантириш, унинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш ва қўллаш доирасини янада кенгайтириш бўйича кўплаб амалий чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
Мана шундай эзгу ишлар натижасида бу борада қабул қилинган қонун, фармон ва қарорлар давлат тилимизнинг нуфузи ва мавқеини юксалтиришга мустаҳкам асос бўлмоқда. Атоқли адиблар номидаги ижод мактабларида ёшларимиз ўзбек ва қорақалпоқ тили, қолаверса, миллий адабиётимиз сирларини чуқур ўрганмоқда. Шунингдек, ўтган давр мобайнида нашр этилган адабий китоблар, қўлланмалар, энциклопедия ва луғатлар давлат тилимизни янада бойитиш ва уни соф ҳолда келажак авлодга етказишга хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, ўзбек тилини ўргатадиган онлайн платформа, изоҳли луғатнинг мобил иловаси ишга тушгани чет эл фуқаролари ва ватандошларимизга бир қанча қулайликлар яратмоқда. Қолаверса, Адиблар хиёбонида бунёд этилган ёдгорлик мажмуалари бадиий адабиётимизнинг буюк сиймолари, ўзбек ва қорақалпоқ тилининг чинакам жонкуярлари хотирасига бўлган чуқур эҳтиром рамзидир. Албатта, олиб борилаётган шундай тадбирлар натижасида давлат тилимизнинг халқаро майдондаги нуфузи йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Хусусан ўзбек тили ва адабиёти бўйича илмий тадқиқотлар олиб бораётган хорижий олимлар сони йил сайин кўпайиб бораётгани, дунёнинг кўплаб олий ўқув юртларида ўзбек тили фани ўқитилаётгани, бир қатор хорижий мамлакатларда Ўзбек тили ва маданияти марказлари очилгани, Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти фани бўйича халқаро фан олимпиадасининг ташкил этилгани, қолаверса, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштириш бўйича тегишли чора-тадбирлар олиб борилаётгани бунинг яққол мисолидир. Айниқса, жорий йилда илк бор педагоглар ўртасида ўтказилган “Йил ўқитувчиси” танлови ғолибларининг тўрт нафари ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси ҳисобланади.
Юртимизда ҳар йили 21 октябрь ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун ҳамда “Ўзбек тили байрами” сифатида кенг нишонланиб келинмоқда. Мана, бу йил ҳам ушбу қутлуғ сана ҳар қачонгидан ҳам юксак савияда ва кўтаринки руҳда нишонланмоқда.
Байрам муносабати билан юртимизнинг барча жойларида учрашувлар, анжуманлар, адабий кечалар ва турли кўрик танловлар ўтказилмоқда. Албатта, бундай тадбирлар давлат тилимизга бўлган эътибор ва ғамхўрликни янада ошириш билан бирга, унинг янада ривожланиши ва кенг оммалашишида алоҳида ўрин тутади.
Давлатимиз раҳбарининг байрам табригида қайд этилганидек, бизнинг буюк аждодларимиз айнан она тилимиз бойликларидан илҳом олиб, илм ва адабиёт оламида дурдона асарлар яратганлар, инсон қалби ва жамият ҳаёти ҳақида теран фикрлар ёзиб қолдирган. Ана шу анъаналарни давом эттирган ҳолда, ўз тилимизнинг имкониятларини янги илм, технология ва ижод намуналари билан бойитиш – бизнинг масъулиятли вазифамиздир.
Байрам тадбири санъат усталарининг концерт дастури билан давом этди.
[gallery-32101]
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА