Озарбайжон БМТ махсус маърузачиси ҳисоботидаги даъволарни рад этди
Озарбайжон БМТнинг дин ва эътиқод эркинлиги масалалари бўйича махсус маърузачиси ҳисоботида мамлакатга нисбатан илгари сурилган даъволарни рад этиб, ҳужжатни тайёрлашда нохолис ва бирёқлама ёндашувга йўл қўйилганини билдирди.
“АзерТАЖ” ахборот агентлиги хабарига кўра, бу ҳақда Озарбайжоннинг БМТ ҳузуридаги доимий ваколатхонаси биринчи котиби Шаҳриёр Ҳажиев БМТ Бош Ассамблеяси 81-сессияси Учинчи қўмитасида махсус маърузачи билан ўтказилган интерактив мулоқот чоғида маълум қилди.
Дипломат Озарбайжон томони ҳисоботнинг 16 ва 17-бандларида келтирилган даъволарни қатъиян рад этишини таъкидлади.
Озарбайжон вакилининг фикрича, махсус маърузачининг ҳисоботга тасдиқланмаган даъволарни киритиши ҳужжатнинг холислиги юзасидан саволлар туғдиради.
Дипломат БМТнинг махсус тартиб-таомиллари доирасида фаолият юритувчи мандат эгалари ўз вазифаларини мустақил, холис ва ташқи таъсирлардан холи тарзда бажариши лозимлигини таъкидлади.
Шунингдек, нутқда Озарбайжонда дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш, турли диний жамоалар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда диний хилма-хилликни сақлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларга тўхталиб ўтилди.
А.Маматов, ЎзА