Нархлар қимматлашуви Испания ва Португалияда норозиликларни кучайтирмоқда
Иберия яриморолида 11 ноябрь куни умумий иш ташлаш бўйича митинг ўтказиш имконияти муҳокама қилинмоқда. Испаниядаги энг йирик касаба уюшмаси - CCOO раҳбари Унай Сордо билдиришича, Португалиядаги ҳамкасблар ҳам шу санадаги акцияга қўшилишни кўриб чиқмоқда.
Испанияда CCOO ва UGT уюшмалари ташаббуси билан оммавий акция ўтказиш режаси аввалдан белгиланган. Энди уни икки мамлакатни қамраб оладиган қўшма ҳаракатга айлантириш масаласи кўтарилмоқда, бироқ якуний қарор Португалия томонига боғлиқ.
Сордо эҳтимолий акцияни португалиялик ёзувчи, Нобель мукофоти лауреати Жозе Сарамаго шарафига “Сарамаго иш ташлаши” деб аташни таклиф қилди.
Икки ўлкада ҳам ижара ҳақи ва кундалик харажатлар қимматлашиши аҳоли норозилигини кучайтирмоқда. Лиссабон, Порту ва Испания шаҳарларидаги намойишчилар иш ҳақи билан муносиб уй-жой харажатларини қоплаш тобора қийинлашаётганини таъкидлаб, арзон ва қулай турар жой талаб қилмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА