Ўз анъанасига содиқ афсонавий нашрлар
Вақт синовидан ўтган газета ва журналларнинг ўзига хос анъаналари
Бугунги интернет, рақамли технология тараққий этиб, инсонларнинг газета ва журналлар мутолаасига бўлган талаби анча сустлашган даврда таҳририятлар олдида обуначилар аудиториясига янги ўқувчиларни жалб этиш, газетхонларнинг мутолаага бўлган эҳтиёжини сақлаб қолишдек муҳим вазифа турибди. Жаҳон ноширлик оламида фаолияти бир асрга татигулик газета ва журналлар борки, улар ўзининг муайян анъаналарига содиқлиги билан нашрни оддий ахборот манбаидан ўзига хос маданий бренд ва феноменга айлантирган. Ушбу вазифани уддалаганларини афсонавий нашрлар, дея атай оламиз. Улар йиллар “зарбига” дош бериб инсоният маърифати учун хизмат қилиб келмоқда. Қуйида ўз анъаналарини сақлаган ҳолда замон билан ҳамнафас “яшаб келаётган“ газета ва журналларнинг хос анъаналари ҳақида сўз юритамиз.
“The New York Times” нинг “Олхўри пироги”
“The New York Times” 1851 йилдан бери Нью-Йорк шаҳрида нашр этиладиган кундалик газета ҳисобланади. Газетанинг 117 марта Пулитцер мукофотига сазовор бўлгани рекорд натижа, албатта. "Кулранг хоним" лақабини олган нашр фаолиятини “All the News That’s Fit to Print” (“Барча янгиликлар чоп этишга муносиб”) шиори остида олиб боради. Мазкур шиор остидаги фаолияти таҳририятнинг ижодий анъаналарини ифода этади. Бундан ташқари, газета ўзининг узоқ йиллик фаолияти давомида бир қатор ўзига хос анъаналарини шакллантириб, “ўқувчилари” салмоғини ошириб келган. Таҳририятнинг 1970 йилдан буён йўлга қўйган анъанасига кўра, ҳафтанинг ҳар куни аниқ бир рукн остида фойдали кўрсатма ёки маълумотнома берилади. Масалан, ҳар шанба куни “36 соат” рукни остида дам олиш кунлари ҳордиқ чиқариш учун муносиб жойлар ҳақида маълумот берилади. Ёки, анъанавий тарзда ҳар якшанба куни газета саҳифаларида эълон қилинадиган “Best Seller list” (Бестсэллер китоблар рўйхати) дунёнинг энг аҳамиятли рейтингларидан ҳисобланади. Шунингдек, илк бор 1983 йил 21 сентябр куни газета саҳифасида кулинария шарҳловчиси Мариан Буррос муаллифлигида эълон қилинган “Олхўри пироги” нашр анъанасини бойитди. Олхўри мавсуми кириб келиши билан рецепт ўқувчилар орасида шу қадар машҳур бўлиб кетдики, таҳририят уни 1989 йилга қадар ҳар йили сентябрь ойида қайта-қайта эълон қилиб борди. Бироқ муҳаррирлар анъанани тўхтатишга қарор қилганида, таҳририятга обуначиларнинг норозилик хатлари “ёғилди”. Ўқувчилар учун бу оддий рецепт эмас, балки ёзнинг ортда қолаётгани ва кузнинг эшик қоқиб келаётганини эслатувчи ўзига хос рамз эди. Шу тариқа, ўқувчиларнинг талаби бу рецептни оддий таомномадан газетанинг ўзига хос анъанасига айлантирди. Шундан буён ҳар йили сентябрь ойи бошида Мариан Бурроснинг “Олхўри пироги” рецепти нашр саҳифалари билан бирга интернет манбаларида яна пайдо бўлади.
Саҳифалари хаттотлар томонидан ёзиладиган газета
1927 йилдан буён Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида чиқадиган “Мусалман” газетаси қарийб бир асрдан бери урду матбуоти анъанасини сақлаб келади. Нашрнинг ўзига хос анъанавий жиҳати рақамли даврда ҳам саҳифалари қўлда хаттотлар томонидан ёзилиб, кейин босмахонада кўпайтирилишидир.

Газета матни компьютерда терилмайди. Катиблар (махсус урду хаттотлари) ҳар бир саҳифани қўлда ёзадилар. Кейин тайёр саҳифалар босмахонада кўпайтирилади. Шу сабабли уни кўплаб манбалар дунёдаги ягона қўлда ёзиладиган кундалик газета сифатида таърифлайди. Бу ерда “қўлда ёзиш” деганда битта-иккита мақолани қўлда ёзиш эмас, балки газетанинг барча саҳифаларини профессионал хаттотлик услубида тайёрлаш назарда тутилади.
Босма нашрни қадрловчилар учун махсус илова
1821 йилда асос солинган ва дунё бўйлаб энг кўп ўқиладиган “The Guardian” газетаси нуфузли, мустақил сиёсий нашрлардан бири ҳисобланади. Нашр “Guardian Media Group” ташкилотига тегишли бўлиб, у тижорий мақсадларини кўзламайдиган “Scott Trust” жамғармаси томонидан молиялаштирилади. Бу эса газетанинг молиявий жиҳатдан мустақил бўлишини таъминлайди.
“Holiday Traditions” (“Байрам анъаналари”) “The Guardian” газетасининг янги йил байрами арафасида ўтказиладиган анъанавий лойиҳаси бўлиб, унда дунёнинг турли бурчакларидаги инсонларнинг янги йил байрамига оид энг қизиқарли маҳаллий урф-одатлари тўпланиб, нашрнинг байрам сонлари саҳифаларида чоп этилади. Шу билан бирга, газета йиллар давомида форматдаги анъанасига содиқ бўлган. Газета қарийб икки аср давомида (1821–2005 йиллар) классик катта форматда чоп этилган.
“The Guardian” рақамли технология даврида ҳам босма нашр кўриниши ва дизайнини қадрлайдиган ўқувчилари учун алоҳида таклифни киритди. Махсус мобил иловаси орқали обуначиларга газетанинг худди шу кунги босма (қоғоз) шаклидаги дизайни, саҳифаланиши ва суратлар жойлашувини тўлиқ акс эттирувчи рақамли PDF варақлари тақдим этилади. Бу анъанавий газета ўқиш маданиятини қадрловчилар учун махсус ишлаб чиқилган. Шунингдек, нашрнинг янги йил байрами арафасида махсус мураккаб кроссвордлар бериш анъанаси бор бўлиб, уни ечиш кўп ўқувчилар учун байрам анъанасининг бир қисмига айланган.
Келаси йил прогнозлари “The Economist” нинг махсус сонида

Британиянинг машҳур “The Economist” журналининг ҳар йил якунида тайёрланадиган махсус сонига айнан “The World in…” номи берилади. Унда келаётган йилда дунё сиёсати, иқтисодиёти, технология ва бошқа соҳалари қандай ўзгаришларга дуч келиши мумкинлиги таҳлил қилинади. Нашрда турли мамлакатлар ва минтақалардаги сиёсий жараёнлар, иқтисодий ҳолат, халқаро муносабатлар, технологик тараққиёт, иқлим ўзгариши ва ижтимоий муаммоларга эътибор қаратилади. Ушбу сон муқоваси айнан келаси йил прогнозларига оид сирли ва қизиқарли иллюстрациялар билан бойитилади.
Таҳрирсиз суратлар
Табиат, ҳайвонот ва инсонларга оид ноёб суратлари билан сайёрамиз ҳаётини ёритиб борадиган “National Geographic” журнал муқовасидаги сариқ ҳошия нашрнинг бренди ва ўзгармас анъанасига айланган. Таҳририят талабига кўра, фотографларга расмларни рақамли қайта ишлаш (фотошоп) тақиқланади. Кадр ҳаётда қандай бўлса, шундай қолиши шарт. Шунингдек, мақолалар шунчаки ёзилмайди, муаллифлар ойлаб, баъзан йиллаб белгиланган ҳудудда яшаб, тадқиқот олиб боради. Бу ҳам таҳририятнинг ўзига анъанасига айланган бўлиб, анъана журналнинг йиллар синовига бардошли афсонавий нашрлардан бўлиб қолиши учун хизмат қилган.
Хулоса ўрнида айтиш мумкин, газета ва журналларнинг йиллар давомида шакллантирган анъаналари таҳририятнинг ўзига хос услубини юзага келтириб, унинг қиёфаси ва мавқеини белгилайди. Бундай анъаналар йиллар, ҳаттоки асрлар давомида ўз аҳамиятини йўқотмасдан, жамиятнинг маърифий ва маданий тараққиётига хизмат қилади.
Шу маънода, хориж матбуотида шаклланган анъаналарни ўрганиш нафақат матбуот тарихини тадқиқ этиш, балки журналистика тараққиётининг ўзига хос хусусиятларини англаш, замонавий оммавий ахборот воситалари фаолиятидаги тарихий тажрибадан фойдаланиш учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Зуҳра Мирзабоева, ЎзА