Уруғчилик соҳасида Хитой тажрибаси ўрганилмоқда
Айни кунларда Уруғчиликни ривожлантириш маркази директори ўринбосари Баҳодир Муйдинов Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳаси вакилларидан иборат делегация таркибида Хитой Халқ Республикасида бўлиб, мамлакатнинг илғор қишлоқ хўжалиги тажрибасини ўрганмоқда.
Ўзбекистон ва Хитой ўртасида уруғчилик соҳасидаги ҳамкорлик сўнгги йилларда, хусусан 2025–2026 йилларда стратегик босқичга кўтарилди ва йирик инвестициявий ҳамда илмий лойиҳаларни қамраб олмоқда. Бу шериклик мамлакатимиз аграр секторига илғор Хитой технологияларини жорий этиш, юқори ҳосилдор ҳамда иқлим ўзгаришларига чидамли экин навларини яратишга қаратилган.

Ушбу ҳамкорликнинг кейинги истиқболларига бағишланган сафар доирасида делегация аъзолари уруғчиликка ихтисослашган “Anhui Luyi” компаниясининг уруғчилик майдонларида бўлиб, селекция ва уруғчилик йўналишида амалга оширилаётган ишлар, экинларни етиштириш технологиялари ҳамда замонавий агротехнологиялар билан яқиндан танишди.

Дала майдонларидаги амалий жараёнлар давомида хитойлик мутахассислар билан тажриба алмашилиб, уруғчилик ва селекция соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, илғор технологияларни Ўзбекистон шароитида қўллаш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Мутахассисларнинг қайд этишича, мазкур ташриф уруғчилик ва селекция йўналишида халқаро тажрибани ўрганиш, замонавий технологияларни амалиётга жорий этиш ҳамда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА