Ўтмишдаги ютуқлар бугунги камчиликларни оқлай олмайди
Суперлиганинг якуний босқичида “Сўғдиёна” профессионал футбол клубининг натижалари тобора ташвишли тус олмоқда. Жамоа нафақат очко йўқотмоқда, балки майдонда ҳам аввалги ўйин услуби, ташаббускорлик ва ғалабага бўлган ишончни намойиш эта олмаяпти. “Бухоро” билан ўз майдонида қайд этилган дуранг эса бу муаммолар тасодифий эмаслигини яна бир бор кўрсатди.
Зоминда ўтказилган учрашувнинг дастлабки дақиқалариданоқ меҳмонлар фаолликни қўлга олишга интилди. Еттинчи дақиқада “Бухоро” ярим ҳимоячиси Шаҳбоз Жўрабеков қулай имкониятдан фойдалана олмади. Орадан кўп ўтмай, ўнинчи дақиқада Тимур Мамасидиқовда ҳам ҳисобни очиш имконияти пайдо бўлди. Бироқ унинг зарбаси ҳам натижа келтирмади.
Ўз майдонида ўйнаётган “Сўғдиёна” рақибнинг бундай фаоллигига муносиб жавоб қайтара олмади. Аксинча, қарши ҳужумларда “Бухоро” анча хавфли кўринди. Мезбонлар дарвозабони Милан Митрович бир неча бор жиддий синовдан ўтди. 22-дақиқада эса меҳмонлар посбони Умиджон Ҳамроев ҳам жамоасини муқаррар голдан асраб қолди.
31-дақиқада мезбонлар дарвозабони Милан Митрович жароҳат олиб, майдонни тарк этишга мажбур бўлди. Унинг ўрнига Шоҳрух Исоқов тушди ва дарвозани қўриқлашни давом эттирди. Янги посбон ҳам дастлабки дақиқаларданоқ жиддий синовдан ўтди. Биринчи бўлим охирига келиб, мезбонлар дарвозаси олдида хавфли вазиятлар кўпайди. Бу эса “Бухоро” ҳужумларидаги ўткирлик билан бирга, “Сўғдиёна” ҳимоясидаги беқарорликни ҳам намоён этди.

Умуман, биринчи бўлимда майдон эгалари рақибга ўз ўйинини ўтказа олмади. Ҳужумларнинг якуний қисмидаги аниқлик етишмаслиги ҳам икки жамоанинг ҳисобни очишига тўсқинлик қилди. Танаффусгача таблода нолли дуранг сақланиб қолди.
Иккинчи бўлимда Улуғбек Бақоев шогирдлари ташаббусни қўлга олишга уринди. Аммо ният билан амалдаги ижро ўртасидаги тафовут кўп ўтмай яна бир бор кўринди. 57-дақиқада меҳмонлар ўз имкониятидан унумли фойдаланди. Асадбек Жўрабоевнинг зарбасидан қайтган тўпни Тимур Мамасидиқов дарвозага жойлади. Шу тариқа “Бухоро” ҳисобда олдинга чиқиб олди – 0:1.
Ўтказиб юборилган гол мезбонлар учун жиддий огоҳлантириш бўлиши керак эди. Бақоев жамоаси ҳужумдаги ҳаракатларни кучайтирди, захирадаги футболчиларга имконият берди. 59-дақиқада Самандаржон Мавлонқуловнинг зарбасини мезбонлар дарвозабони Умиджон Ҳамроев қайтарди. Бироқ бу уринишлар ҳали жамоанинг ўйинида туб бурилиш юз берганини англатмасди.

63-дақиқада Петар Мичин ва Жамшид Болтабоев ўрнига Зенан Займович ҳамда Нодиржон Сойибов майдонга тушди. Кейинроқ Жавоҳир Қаҳрамонов ўрнини Сардор Жамолов эгаллади. Мураббийнинг бу қарорлари ҳужум чизиғини кучайтиришга қаратилган эди. Аммо алмаштиришлардан кейин ҳам “Сўғдиёна” рақиб ҳимоясини изчил босим остида ушлаб туришга қийналди.
73-дақиқада Люпчо Дориев Хондамир Мустафоқуловга қулай вазият яратиб берди. Лекин рақиб ҳимоячилари зарбанинг йўлини тўсди. Мезбонлар ҳисобни тенглаштириш учун ҳаракат қилган бўлса-да, ҳужумлардаги якуний аниқлик ҳамон етишмасди. Ўз майдонида ўйнаётган жамоанинг ўйин давомида рақибдан яққол устунликни тортиб ола олмагани эса чуқурроқ ўйлаб кўрилиши лозим бўлган масала.
Вақт ўтиши билан “Бухоро” ҳисобни сақлашга, жиззахликлар эса мағлубиятдан қутулишга интилди. Мухлисларнинг дурангга бўлган умиди ҳам сўна бошлаган бир пайтда, 90-дақиқада кутилмаган вазият юзага келди. Люпчо Дориевнинг бурчакдан узатмасини Шоҳруз Камолов боши билан дарвозага йўналтирди. Захирадан майдонга тушган футболчининг аниқ зарбаси ҳисобни тенглаштирди – 1:1.

Қўшиб берилган дақиқаларда ҳам кескинлик пасаймади. Учрашувнинг сўнгги лаҳзаларида Оллоберган Каримов қизил карточка билан жазоланди. Бош ҳакам Акобирхўжа Шукуруллаев уни рақиб футболчиси оёғини атайлаб, жароҳат етказиш мақсадида босган деб ҳисоблади.
Шу тариқа учрашув 1:1 ҳисобида якунланди. Бироқ бу натижани “Сўғдиёна” учун муваффақият деб баҳолаш қийин. Зеро, ўз майдонида ғалаба учун ўйнаши керак бўлган жамоа рақибнинг устунлигига бардош бериб, фақат учрашув якунида ҳисобни тенглаштира олди,холос.
Матбуот анжуманида “Сўғдиёна” бош мураббийи Улуғбек Бақоев натижани жамоа учун муҳим очко сифатида баҳолади. Унинг таъкидлашича, биринчи бўлимдаги ўйин суръати қониқарли бўлмаган. Иккинчи бўлимда эса рақиб голидан кейин жамоа ҳужумга кўпроқ эътибор қаратган.
“Менимча, биз голга лойиқ эдик. Ютқазиб турган жойимизда бир очкони қўлга киритишимиз муваффақият”, деди “Сўғдиёна” бош мураббийи.

Меҳмонлар устози Александр Хомяков эса қўлдан бой берилган ғалабадан афсусда эканини яширмади. Унинг фикрича, “Бухоро” учрашув давомида ташаббусни кўпроқ назорат қилган. Айниқса, иккинчи бўлимда жамоа рақибга босим ўтказиб, бир қатор қулай вазиятлар яратган.
“Бундай ўйинда ғалаба қозона олмаганимиздан хафамиз. Биз рақибни босимда ушлаб, устунликка эга бўлаётгандик”, деди Александр Хомяков.
Мураббийнинг таъкидлашича, бурчак зарбасидан кейин 90-дақиқада ўтказиб юборилган гол жамоа учун кутилмаган ҳолат бўлган. У бу натижани кейинги учрашувларда ҳисобга олинадиган сабоқ сифатида қабул қилишини билдирди.

Икки мураббийнинг фикрларида ҳам ўзига хос ҳақиқат бор. “Бухоро” ғалабага яқин турган ҳолда икки очкодан маҳрум бўлди. “Сўғдиёна” эса сўнгги дақиқаларда мағлубиятдан қутулиб қолди. Аммо Бақоевнинг бир очкони муваффақият сифатида баҳолаши жамоадаги жиддий муаммоларни иккинчи ўринга сурмаслиги керак. Чунки дуранг натижаси ўйин сифатидаги камчиликларни бартараф этмайди.
Айниқса, жиззахликларнинг ҳозирги ҳаракатларида аввалги мавсумлардаги шиддат, ўзаро ҳамжиҳатлик ва натижа учун курашишдаги ишонч сезилмаяпти. Бир неча йил муқаддам Бақоев раҳбарлигида вице-чемпионликка эришган жамоанинг бугун турнир жадвалида 11-поғонада қолиб кетиши тасодифий омадсизликдан кўра чуқурроқ муаммолар борлигини кўрсатади.
Чемпионатнинг тугашига тўрт тур қолгани вазиятни янада мураккаблаштиради. “Сўғдиёна”ни олдинда жиддий синовлар кутмоқда. 27-турда жиззахликлар Самарқанднинг “Динамо” жамоасини қабул қилади. Кейин Қўқонга сафар қилиб, “Қўқон-1912” билан куч синашади. Ундан сўнг “Навбаҳор”га қарши майдонга чиқади. Чемпионатни эса Тошкентда “Пахтакор”га қарши учрашув билан якунлайди.

Бу рақибларнинг ҳар бирига қарши курашиш учун жамоадан нафақат юқори жисмоний тайёргарлик, балки аниқ тактик режа ва қатъий ўйин интизоми ҳам талаб этилади. Айниқса, ҳимоядаги хатоларни камайтириш, ҳужумларнинг якуний нуқтасида аниқликни ошириш зарур. Захирадан тушаётган футболчиларнинг натижага таъсир кўрсатаётгани эса таркиб имкониятларидан тўғри фойдаланиш муҳимлигини кўрсатмоқда. Бироқ бу имкониятлар асосий таркибдаги барқарорликнинг ўрнини боса олмайди.
Турнир жадвалида яна бир поғона пастлаш “Сўғдиёна”ни Суперлигада қолиш учун ўтиш учрашувларида қатнашиш хавфига яқинлаштиради. Демак, қолган баҳсларда очко йўқотиш жамоа учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Энди ҳар бир учрашувдаги хатонинг баҳоси янада қимматга тушади.
Бир пайтлар чемпионлик учун курашган клубнинг бугунги аҳволи футбол мухлисларини ўйлантирмасдан қолмайди. Муаммо фақат омадсиз натижаларда эмас, балки жамоанинг майдондаги ўйинида ҳам. “Сўғдиёна”да аввалги ғалабаларга етаклаган ишонч, ташаббус ва барқарорликни тиклаш зарурати бор. Бу эса, биринчи навбатда, бош мураббийдан аниқ қарорлар ва қолган баҳсларда сезиларли ўзгариш талаб қилади.

Бақоев шогирдлари мавсумнинг сўнгги тўрт учрашувида вазиятни ўнглай оладими? Ёки жамоа йилни яна бир омадсиз мавсум сифатида якунлайдими? Ҳозирча бу саволларга жавоб йўқ. Аммо бир нарса аниқ: ўтмишдаги ютуқлар бугунги камчиликларни оқлай олмайди.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири