Кадастр палатаси ходимлари соғлом турмуш тарзи учун беллашди
Зарарли одатлардан воз кечиш, оммавий спорт билан доимий шуғулланиш ва тўғри овқатланиш тартибига қатъий риоя қилиш соғлом турмуш тарзингнинг асосий шартидир.
Давлат кадастрлари палатасида ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, жисмоний фаолликни ошириш ҳамда жамоада дўстона муҳитни мустаҳкамлаш мақсадида “Давлат кадастрлари палатаси кубоги – 2026” спорт мусобақаси ташкил этилди. Мусобақа иштирокчилари спортнинг турли йўналишларида ўз куч ва маҳоратларини синовдан ўтказиб, ғалаба учун ўзаро беллашди. Беллашувлар давомида иштирокчиларнинг жисмоний тайёргарлиги, чаққонлиги, эпчиллиги ва жамоавий ҳамкорлик қобилияти намоён бўлди.
Тадбир нафақат спорт мусобақаси, балки ҳамкасблар ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, дўстона муносабатларни ривожлантириш ва ходимларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун ҳам муҳим имконият бўлди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, ҳозирда аҳолининг оммавий спорт билан қамрови 15 миллион нафарга етган, спорт билан доимий шуғулланувчиларнинг сони сўнгги йилларда қарийб 1,5 баробарга ошган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА