ОТБ ва “ACWA Power”дан Ўзбекистонга 116 миллион долларлик “яшил” сармоя
Самарқандда бўлиб ўтаётган Осиё тараққиёт банки тадбирлари доирасида Ўзбекистоннинг “яшил энергетика” соҳасидаги яна бир йирик лойиҳаси бўйича келишув имзоланди. ОТБ ва Саудиянинг “ACWA Power” компанияси Бухоро вилоятида 300 мегаваттли шамол электр станциясини қуриш учун 116 миллион долларлик молиялаштириш шарти бўйича битим тузди.
Мазкур лойиҳа республикамизда қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтиш жараёнини жадаллаштириш, электр таъминоти барқарорлигини ошириш ва углерод чиқиндисини камайтиришга хизмат қилади.
Ушбу ташаббус ОТБнинг 50 миллион долларлик қарзи, тижорат банкларидан жалб қилинадиган 41 миллион доллар ва LEAP-2 жамғармасидан 25 миллион долларни ўз ичига олади. ОТБ бу жараёнда мувофиқлаштирувчи вазифасини бажаряпти.
“Баш-2” номли шамол электр станцияси 2023 йил амалга оширилган энергетика лойиҳасининг давоми ҳисобланади. Лойиҳа доирасида ҳар бири 8 мегаваттгача қувватга эга 39 та шамол турбинаси ўрнатилади. Шунингдек, янги кичик станция ва миллий электр тармоғига уланиш учун ҳаво электр узатиш линияси қурилади.

ОТБ Хусусий сектор амалиёти бўйича бош директори Изабель Чаттертон таъкидлашича, мазкур лойиҳа Ўзбекистоннинг тоза энергия салоҳиятини кучайтиради, энергетика барқарорлигини мустаҳкамлайди ва юқори малакали янги иш ўринлари яратади. ОТБ томонидан қўллаб-қувватланаётган шамол энергетикаси қувватини 2 гигаваттдан оширади. Қолаверса, мамлакатда “яшил” иқтисодиётга ўтиш жараёни халқаро молиявий институтлар ва хусусий сектор иштирокида изчил давом этаётганини кўрсатади.
Бу ташаббус маҳаллий иқтисодиёт учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Қурилиш босқичида камида 800, кейинчалик 25 доимий иш ўрни пайдо бўлади. Айниқса, аёллар ва қизлар қайта тикланувчи энергетика соҳасига кенг жалб қилинади.
“ACWA Power” раҳбари Муҳаммад Абунайян айтишича, ушбу келишув Ўзбекистоннинг тоза энергияга ўтиш бўйича қатъий сиёсатини яна бир бор тасдиқлайди. “Баш-2” лойиҳаси эса минтақада йирик шамол энергетикаси лойиҳаларини тижорий асосда самарали амалга ошириш мумкинлигини исботламоқда.
Дарвоқе, дунёдаги энг йирик хусусий энергетика ва сувни чучуклаштириш компанияларидан бири сифатида тан олинадиган “ACWA Power” диёримизда қатор йирик шамол ва қуёш энергетикаси лойиҳаларини амалга оширмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА