Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришда DPO қандай роль ўйнайди?
Иқтисодиёт ва молия вазирлигида Жаҳон банки билан ҳамкорликда мамлакатда амалга оширилиши режалаштирилган Ривожланиш сиёсати операцияси (DPO) доирасидаги кейинги босқич ислоҳотлари муҳокама қилинди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров, Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Нажи Бенхасин, шунингдек, Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.
Унда сўзга чиққанлар Жаҳон банки билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижалари ва келгуси босқичда иқтисодий ўсишни жадаллаштиришга хизмат қиладиган устувор йўналишлар ҳақида сўз юритди. Таъкидланганидек, Ривожланиш сиёсати операцияси халқаро молиявий ҳамкорлик механизми бўлиб, у орқали мамлакатларда иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, барқарор ўсишни рағбатлантириш ҳамда институционал ислоҳотларни амалга оширишга кўмаклашилади.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган бозор ислоҳотлари, иқтисодиётни очиқлаштириш сиёсати ҳамда институционал ўзгаришлар натижасида барқарор иқтисодий ўсишга эришилмоқда. Шунингдек, “Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида иқтисодиётни диверсификация қилиш, хусусий сектор улушини ошириш ва юқори қўшилган қийматли иш ўринларини яратиш асосий вазифалар сифатида белгиланган.
Муҳокамалар жараёнида рақобат муҳитини кучайтириш, инвестиция муҳитини яхшилаш, молия тизимини ривожлантириш ҳамда ташқи савдо ва логистика инфратузилмасини такомиллаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Жаҳон банки экспертлари томонидан DPO дастури доирасида асосий йўналишлар тақдим этилди. Унда транспорт ва рақамли инфратузилмани ривожлантириш, молия бозорини кенгайтириш, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ҳамда давлат иштирокини босқичма-босқич қисқартириш орқали хусусий сектор ролини оширишга қаратилган чоралар алоҳида таъкидланди.
Тадбир якунида томонлар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва DPO доирасида белгиланган ислоҳотларни амалда самарали татбиқ этиш бўйича келишувга эришди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА