Осиё ўйинлари: кураш баҳсларида 25 дан зиёд давлат вакиллари қатнашади
XX ёзги Осиё ўйинлари кураш мусобақалари доирасида “Aichi Martial Arts Hal” мажмуасининг анжуманлар залида иштирок этувчи давлатларнинг техник делегатлари учун йиғилиш бўлиб ўтди.
Халқаро кураш ассоциацияси президенти вазифасини бажарувчиси Зиёвиддин Ҳожиниёзов, Япония кураш федерацияси президенти Ҳидео Камага, Осиё ўйинлари Ташкилий қўмитаси ҳамда миллий федерациялар вакиллари иштирок этган йиғилишда мусобақаларни юқори савияда ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.

Осиё ўйинлари ташкилий қўмитаси вакили Сато Ҳироки томонидан кураш мусобақалари ўтказиладиган спорт мажмуаси, беллашувлар жадвали, очилиш ва тақдирлаш маросимлари бўйича батафсил маълумот тақдим этилди.

Йиғилиш якунида анти-допинг назорати масалалари хусусида сўз юритилиб, спортчиларнинг белгиланган тартибда ва ўз вақтида назоратдан ўтишини таъминлаш миллий федерациялар, мураббийлар ва техник делегатлар муҳим вазифа эканлиги таъкидланди.

Айтиш лозимки, 25 тадан зиёд давлатнинг 100 нафарга яқин спортчилари қатнашаётган Осиё ўйинлари дастурига мувофиқ, эртага кураш мусобақалари учун қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади. Беллашувлар 3 та эркаклар ва 3 та аёллар вазн тоифаларида бўлиб ўтади
Эслатиб ўтамиз, Тўрт йилликнинг “кичик олимпиадаси”да терма жамоамиз шарафини Бекмурод Олтибоев, Шоҳрух Бахтиёров, Аҳрор Зиёдуллаев, Фотима Қодирова, Инобат Оғажонова, Шоҳиста Назарова ҳамда Покиза Камолиддинова ҳимоя қилади.
Т. Рўзиев, ЎзА