Ўсимликлар ҳимояси: ҳосилдорлик, экологик барқарорлик ва экспорт кафолати
Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида вилоят озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бош бошқармаси ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида “Ўсимликлар ҳимояси: ҳосилдорлик, экологик барқарорлик ва экспорт кафолати” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлашда агрокимёвий таҳлиллар маркази, фитосанитар лаборатория, биомаҳсулотлар ишлаб чиқариш бўлимлари томонидан олиб борилаётган ишлар, яратилган қулайликлар, эришилган натижалар, ечимини кутаётган масалалар ва келажакдаги режалар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Таъкидланганидек, тизимда амалга оширилаётган ишлар нафақат ҳосилни сақлаб қолиш, балки фермер ва деҳқонларнинг меҳнати самарадорлигини ошириш, кимёвий воситалардан оқилона фойдаланиш, табиий биофонни бойитиш ва экспорт салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда биологик ҳимоя усулларининг кенг жорий этилаётгани соҳага янгича ёндашув шаклланаётганини кўрсатмоқда.
Ҳозирда вилоятдаги 11 та биолабораторияда зараркунанда организмларга қарши қўлланиладиган биомаҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Лабораторияларнинг мавсум давомида узлуксиз ишлаши учун зарур озуқа маҳсулотлари ва ёқилғи захиралари шакллантирилган. Хусусан, 146 тонна арпа, 4 778 килограмм шакар ҳамда бошқа зарур озуқа маҳсулотлари захираси яратилди.
Биологик воситалар ишлаб чиқаришда ҳам юқори кўрсаткичларга эришилди. Йил давомида 227,7 килограмм трихограмма, 210,8 миллион дона олтинкўз ва 96 миллион дона бракон энтомофаглари кўпайтирилди. Энтомофаглардан фойдаланишнинг аҳамияти шундаки, зараркунандаларга қарши курашишда табиий механизмлардан унумли фойдаланиш имкони яратилади. Натижада кимёвий препаратларга эҳтиёж камайиб, атроф-муҳитга тушадиган салбий таъсирнинг олди олинади.
Вилоятда биологик ҳимоянинг амалий кўлами ҳам кенгайди. Ғўза майдонларида олтинкўз ва трихограмма билан 82,9 минг гектар, бракон билан 34,9 минг гектар майдонда биологик ишловлар ўтказилди. Дуккакли экинлар, помидор, маккажўхори, кунгабоқар ва бошқа экин майдонларида ҳам биологик ҳимоя воситаларидан фойдаланилди.
Бу жараёнда инновацион технологияларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Энтомопатоген нематодаларни биолаборатория шароитида кўпайтириш ишлари йўлга қўйилиб, улар ёрдамида 24,5 гектар ғўза, 11 гектар иссиқхона ва 11 гектар бошқа экин майдонларида биологик ишловлар амалга оширилди.
Фитосанитар мониторинг эса бу тизимнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. 2026 йил январь-июль ойларида вилоятда жами 500 минг 93 гектар экин майдонида фитосанитар мониторинг тадбирлари ўтказилди. Бир марталик мониторинг ишлари 191 минг 322 гектар майдонни қамраб олди.
Зараркунандаларни эрта аниқлаш ва уларга қарши ўз вақтида чора кўриш мақсадида ғўза, боғ ва сабзавот майдонларида феромон тутқичлардан ҳам фойдаланилмоқда. Кузги тунлам, шира-трипс, ўргимчаккана, кўсак қурти ва ғўза қандаласи каби зараркунандаларга қарши биологик ҳамда кимёвий усулларда ҳимоя тадбирлари амалга оширилди.
Чигирткаларга қарши кураш ҳам вилоят шароитида алоҳида аҳамиятга эга. Жорий йилда зарарли чигирткаларнинг 41,5 минг гектар майдонда тарқалиши башорат қилинган бўлиб, уларга қарши 40 191 гектар майдонда кимёвий ишловлар ўтказилди. Бу мақсадда махсус техникалар, жумладан, автомашиналар, трактор пуркагичлари ва моторли осма пуркагичлардан фойдаланилди.
Фитосанитар назоратнинг яна бир муҳим вазифаси карантин хавфларини барвақт аниқлаш. Бу борада лабораториялар фаолияти муҳим аҳамият касб этади.
2026 йил январь ойидан сентябрь ойига қадар вилоят фитосанитария лабораториясига 1 668 та шубҳали ўсимлик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари намунаси қабул қилиниб, улар бўйича 5 004 та фитосанитар экспертиза таҳлили ўтказилди. Таҳлиллар натижасида карантин ва зарарли организмлар аниқланиб, уларга қарши тегишли кимёвий ва биологик кураш чоралари кўрилди.
Замонавий фитосанитар лабораториянинг вазифаси фақат зараркунандани аниқлаш билан чекланмайди. У қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг хавфсизлиги, карантин тозалиги ва экспортбоплигини таъминлашда муҳим илмий-амалий база ҳисобланади.
Бугун халқаро бозорда маҳсулотнинг сифати билан бир қаторда унинг фитосанитар ҳолатига ҳам жиддий талаблар қўйилмоқда. Шу боис экспорт ҳажмини оширишда лаборатория хулосаси ва фитосанитар сертификатнинг аҳамияти беқиёс.
Навоий вилоятида 2026 йил январь-август ойларида 24 992 тонна фитосанитар тоза мева-сабзавот маҳсулоти 1 180 та халқаро фитосанитария сертификати асосида 10 дан ортиқ давлатга экспорт қилинди. Экспорт қиймати 14 миллион 467 минг долларни ташкил этди.
Экспорт жараёнида тадбиркорларга ахборот ва амалий кўмак кўрсатишга ҳам эътибор қаратилмоқда. Тезпишар маҳсулотлар, омборларда сақланаётган маҳсулотлар, улгуржи бозорлардаги нархлар ва экспортёрларнинг муаммолари бўйича маълумотлар мунтазам тақдим этиб борилмоқда.
Импорт йўналишида ҳам фитосанитар хавфсизликка жиддий эътибор қаратилган. Шу кунга қадар карантин остидаги маҳсулот ва материалларнинг 553 та ҳолати бўйича карантин кўриги далолатномалари расмийлаштирилиб, катта ҳажмдаги маҳсулотлар назоратдан ўтказилди. Фитосанитар сертификатсиз ҳолатлар бўйича эса 537 та хабарнома расмийлаштирилди.
Фитосанитар назорат тизимида кинология бўлими фаолияти ҳам самарали йўлга қўйилган. 40 та ҳолатда қонунбузилишлар аниқланиб, карантин остидаги 38,1 килограмм турли уруғлар ҳамда турли кўчатлар йўқ қилинди. Қонунбузилишларнинг айрим ҳолатлари бўйича маъмурий чоралар қўлланилди.
Ўсимликлар ҳимоясида яна бир муҳим масала – тупроқ унумдорлигини илмий асосда бошқариш. Чунки ерга минерал ўғитларни меъёридан ортиқ ёки кам бериш нафақат ҳосилдорликка, балки тупроқнинг узоқ муддатли ҳолатига ҳам таъсир қилади.
Навоий вилоят агрокимёвий таҳлил маркази томонидан 2026 йилда 24 901 гектар майдонни таҳлилдан ўтказиш режалаштирилган. 9 ойлик ҳисобот даврида “Field Maps” иловаси орқали 23 242 гектар майдондан тупроқ намуналари олиниб, 22 254 гектари лаборатория таҳлилларидан ўтказилди. Таҳлил натижалари асосида агрокимёвий хаританомалар ишлаб чиқилиб, маълумотлар “UZAGROLAB” электрон платформасига киритилди.
Бу рақамлаштиришнинг аҳамияти шундаки, фермер ва деҳқон хўжаликлари ўз ер майдонининг агрокимёвий ҳолати, ундаги фосфор, калий, гумус ва рН даражаси, шунингдек, минерал ва маҳаллий ўғитларга бўлган илмий асосланган эҳтиёж ҳақида маълумот олиш имкониятига эга бўлмоқда.
[gallery-31309]
Бундай ёндашув ортиқча ўғит сарфининг олдини олиш, харажатларни мақбуллаштириш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва экологик хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади.
Шунингдек, маҳаллий зарарсизлантириш ишлари ҳам тизимли давом эттирилмоқда. 2026 йил 1 январдан 31 июлга қадар 48,6 минг куб метр манзарали ва арча дарахтларига намлик ишлов бериш ҳамда 127,6 минг квадрат метр ҳажмда зарарсизлантириш ишлари амалга оширилиб, 299 та далолатнома расмийлаштирилди.
Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа мутахассислари томонидан атрофлича жавоб олди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари