Осака кўчаларида Ўзбекистон туризми тарғиб қилинди
Япониянинг Осака шаҳридаги энг гавжум туристик масканлардан бири — Намба–Дотонбори ҳудудида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилувчи видеороликлар намойиш этилди.
Мамлакатимиз элчихонаси ташаббуси билан ташкил этилган реклама кампанияси 26 октябрдан 1 ноябрга қадар давом этди. Ушбу даврда 15 сониялик видеороликлар ҳар куни соат 08:00 дан 24:00 гача, ҳар соатда тўрт марта экранларда намойиш этилган.

“Ипак йўли юраги — Ўзбекистонга хуш келибсиз!” шиори остидаги видеолавҳалар орқали томошабин ўлкамизнинг бой тарихий-маданий мероси, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларининг бетакрор меъморий обидалари, шунингдек, замонавий туристик инфратузилмаси билан танишиш имконига эга бўлди.
Намба–Дотонбори Осака шаҳри ва бутун Кансай минтақасининг энг машҳур сайёҳлик марказларидан бири ҳисобланади. Ушбу марказ ҳар куни кўплаб маҳаллий аҳоли ва хорижий сайёҳларни ўзига жалб қилади. Ҳудуд ресторанлар, савдо марказлари, кўнгилочар масканлар ва йирик рақамли реклама экранлари билан машҳур.
Б.Худойбердиев, ЎзА
Япония