Орбан мағлубиятни тан олди ва “Тиса” партиясини ғалаба билан табриклади
Венгрия бош вазири Виктор Орбан парламент сайловларида ҳукмрон “Фидес” коалицияси мағлубиятга учраганини тан олди ва мухолифатдаги “Тиса” партиясини ғалаба билан табриклади.
Қайд этилишича, “Тиса” сайловларда ғалаба қозониб, парламентдаги 199 та ўриндан 138 тасини қўлга киритган.

Венгрия Миллий сайлов бюроси берилган овозларнинг 98,63 фоизи ҳисоблаб чиқилганидан сўнг ушбу натижаларни эълон қилди. Экспертлар фикрича, қолган сайлов бюллетенларини текшириш энди ҳеч нарсани ўзгартирмайди.
– Сайлов натижалари гарчи якуний бўлмаса-да, лекин тушунарли ва аниқ. Мамлакатни бошқариш масъулияти ва имконияти бизга насиб қилмади. Мен ғолиб партияни табриклайман. Биз ҳеч қачон таслим бўлмаймиз, -дея таъкидлади Виктор Орбан.
Айни пайтда “Тиса” партияси етакчиси Петер Мадьяр пойтахт кўчаларида тарафдорлари билан ғалабасини нишонламоқда ва у Будапештнинг Европа Иттифоқи ва NATOдаги тўлақонли иштирокини тиклашини маълум қилди.
– Мен бирлашган, кучли ва хавфсиз Европа учун ҳамкорликни интиқлик билан кутаман, -деди ГФР канцлери Фридрих Мерц Мадьярни сайловдаги ғалабаси билан табриклаб.
Ў.Алимов, ЎзА