Эрон АҚШдан товон пули талаб қиляптими?
Эрон Олий раҳбари вакили АҚШ ва Исроилдан товон талаб қилиши минтақадаги кескинликни кучайтирди. Ҳурмуз бўғози устидан назорат музокаранинг асосий шартига айланди.
Эрон Олий раҳбари Мужтоба Ҳумонаий мамлакат номидан чиқиш қилиб, АҚШ ва Исроил томонидан амалга оширилган ҳужум оқибатида етказилган зарар учун бадал талаб қилди. Унинг таъкидлашича, юзага келган қарама-қаршиликда Теҳрон “нафақат ўзини ҳимоя қилган, балки сиёсий ва маънавий жиҳатдан устун мавқега эга” бўлган. Қолаверса, Ислом Республикаси “уруш истамаслиги, аммо қонуний ҳуқуқини ҳимоя қилишдан воз кечмаслиги”ни билдирган.
Баёнотда стратегик аҳамиятга эга Ҳурмуз бўғози масаласи ҳам алоҳида кўтарилиб, ушбу ҳудуд устидан назорат масаласи янги босқичга чиққани, йўналиш АҚШ билан ҳар қандай музокарада асосий шартлардан бири сифатида қолиши қўшимча қилинган. Шунингдек, мамлакат раҳбари аҳолини ташқи ахборот таъсирига ишонмасликка чақириб, ички бирлик сақланиши муҳимлигига урғу берилган.
АҚШ Президенти Дональд Трамп бу баёнотга нисбатан кескин муносабат билдириб, агар Эрон қўйилган талабни бажармаса, Вашингтон қатъий чора кўришини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, биринчи навбатда Эрон ядровий дастурдан тўлиқ воз кечиши, Ҳурмуз бўғози орқали халқаро кемалар хавфсиз ҳаракатини таъминлаши лозим. Шу шарт бажарилмаса, Америка минтақадаги ҳарбий мавқеини сақлаб қолиши билдирилган.
Ф. Яхшибоева, ЎзА