Ўқувчиларимизнинг ютуқларидан ғурурландик
Тошкент шаҳридаги халқаро Вестминстер университетида Ўзбекистонда EFI (Кенгайтирилган микродастур интерфейси) иқтисодиёт олимпиадасининг Республика миқёсидаги миллий босқичи якунланди.
Жорий йилнинг февраль ойида онлайн тарзда инглиз тилида ўтказилган олимпиадада минглаб ўқувчилар иштирок этиб, сараланган 81 нафар ўқувчи олимпиаданинг Республика босқичида иштирок этишга таклиф этилди.

Ёзма ва оғзаки тарзда ўтказилган ушбу олимпиаданинг ғолиб бўлган 5 ўқувчиси – Қарши шаҳридаги Президент мактаби ўқувчилари Ҳумоюнбек Иброҳимов , Жасурбек Ризоқулов, Самандар Норбоев, Беҳруз Олимов ва Навоий шаҳри Президент мактаби ўқувчиси Мирон Турсунов Грецияда 14-18 ёшли мактаб ўқувчилари ўртасида бўлиб ўтадиган VIII халқаро иқтисодиёт олимпиадасига йўлланмани қўлга киритди.

Вестминстер университети, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, ЮНЕСКО ҳамкорлигида ташкил этилган халқаро иқтисодиёт олимпиадасининг Республика босқичида Андижон вилоятидаги Президент мактаби ва 4-мактаб ўқувчилари ҳам иштирок этди. Андижонлик ўқувчилар мутлақ ғолибликни қўлдан бой берган бўлса-да, иқтисод фанидан олиб борилган викторина ҳамда оғзаки савол-жавобда ўз билимларини инглиз тилида эркин ифода эта олди.
Ўқувчиларимизнинг Республика миқёсидаги олимпиадада иштирок этгани биз ўқитувчилар учун катта шараф. Уларнинг интилиши, қатъиятини кўриб, фидокорона меҳнатимиз зое кетмаётганидан ғурурландик.
Мунаввара Пирматова,
Андижон шаҳридаги 4-мактаб иқтисод фани ўқитувчиси.
ЎзА