Ўқувчилар "Ибн Сино" билан мулоқот қилди
“Мактабдаги дарс жараёнларида бунинг иложи бор”, десам ишонасизми?
Бугунги кун мактаб таълими фақатгина дарслик ва доска билан чекланиб қолмайди. Замонавий технологиялар, хусусан, сунъий интеллект-AI имкониятлари дарс жараёнини ҳақиқий саёҳатга айлантирмоқда.
Урганч шаҳар 28-сон умумий ўрта таълим мактабида таълим сифатини ошириш, ўқув жараёнини методик жиҳатдан такомиллаштириш ҳамда дарсликлар билан таъминлаш масалаларига бағишланган маҳорат дарси нафақат мазмуни, балки инновацион ёндашуви билан барчанинг эътиборини тортди.

Унда сунъий интеллект ёрдамида Абу Али ибн Сино сиймосининг гавдалантирилиши замонавий таълим усулларининг нақадар ривожланаётганлигини кўрсатди. Интерактив ёндашув асосида буюк аждодимиз билан ташкил этилган “жонли мулоқот” ўқувчиларни ўрта асрларга виртуал сайр қилдирди.
Дарс давомида ўқувчилар нафақат маъруза тинглашди, балки буюк аллома билан бевосита савол-жавоб қилиш имкониятига эга бўлди.

– Бундай дарсларнинг анъанавий методлардан устунлиги жуда катта, – дейди Хоразм вилояти мактаб ва мактабгача таълим бошқармасининг методисти С. Атажонова. – Энг асосийси эмоционал боғланишда. Бунда ўқувчи фактларни ёдламайди, балки уни ҳис қилади. Сунъий интеллект ёрдамида яратилган қизиқарли топшириқлар эса дарсдаги рақобат ва қизиқишни оширади. Бу шунчаки технология эмас, бу таълим сифатини ошириш ва болаларнинг дунёқарашини кенгайтириш учун кучли воситадир.

Ибн Сино образи орқали берилган ҳаётий насиҳатлар, тиббиёт ва илм-фанга оид қизиқарли топшириқлар мавзуни янада жонли ва тушунарли бўлишини таъминлади. Бундай метод ўқувчиларда тарихий шахсларга нисбатан ҳурмат ва илмга иштиёқни уйғотишда янги услуб бўлиб хизмат қилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, бу каби инновацион дарслар таълим тизимида янги даврни бошлаб беради. Сунъий интеллект ва инсон омили бирлашганда, билим олиш жараёни завқли ва унутилмас саргузаштга айланади. Бундай инновацион ёндашувлар бугунги замон талаби бўлиб, таълим сифатини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири