Махсус педагоглар касб маҳорати синови
Самарқандда мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ташаббуси билан умумий ўрта таълим мактабларининг инклюзив таълим синфларида фаолият юритаётган махсус педагоглар ўртасида “Йилнинг энг фаол махсус педагоги” танловининг вилоят босқичи ўтказилди.
Инклюзив таълим сифатини ошириш, махсус педагогларнинг касбий маҳоратини қўллаб-қувватлаш, илғор иш тажрибаларини аниқлаш ва оммалаштириш мақсадида ташкил этилган танловда туман (шаҳар) босқичида ғолиб бўлган махсус педагоглар иштирок этди.
Танлов иштирокчилари уч шарт — амалий очиқ коррекцион-ривожлантирувчи машғулот,
“Менинг педагогик фаолиятим” мавзусидаги тақдимот, касбий билим ва компетенциялар синови (савол-жавоб) бўйича беллашди.
[gallery-29679]
- Бугунги кунда вилоятимиздаги 216 та умумтаълим мактабининг 266 та инклюзив таълим синфларида 370 нафар алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган ўқувчилар таълим олмоқда, - дейди Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси масъул ходими Самандар Ўтамуродов. - Улар билан 241 нафар махсус педагог томонидан коррекцион-ривожлантирувчи машғулотлар олиб борилмоқда. Мазкур танлов инклюзив таълим тизимида меҳнат қилаётган педагогларнинг меҳнатини эътироф этиш, уларнинг профессионал салоҳиятини намоён қилиш, шунингдек, таълим сифати ва самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Танлов натижаларига кўра, вилоят босқичи ғолиблиги Каттақўрғон туманидаги 51-умумтаълим мактаби махсус педагоги Мафтуна Абдураҳмоновага насиб этди. Иккинчи ўринни Тойлоқ туманидаги 5-умумтаълим мактаби махсус педагоги Сабина Номозова, учинчи ўринни эса Пайариқ туманидаги 80-умумтаълим мактаби махсус педагоги Шукрона Рўзиқулова қўлга киритди.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари