Онкологик касалликларни даволашда халқаро ҳамкорлик
Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар онкологларининг II конгресси ўз ишини бошлади.
Анжуманда Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси ҳамда бошқа хорижий давлатлардан келган 300 нафардан ортиқ етук олимлар, соҳа экспертлари, халқаро ташкилотлар ва етакчи онкология марказлари раҳбарлари, амалиётчи мутахассислар ҳамда мамлакатимиз вакиллари иштирок этмоқда.
Конгресснинг очилиш маросимида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаёров, Туркия Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Кемал Мемишоглу, Евросиё онкологлари ассоциацияси фахрий президенти Мурат Динчер ҳамда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон онкология марказлари раҳбарлари сўзга чиқиб, мазкур форум бугунги кунда дунёда глобал аҳамият касб этаётган онкологик касалликларнинг олдини олиш, хасталикни эрта аниқлаш ва даволашнинг самарали усулларини қўллашда ўзаро тажриба алмашиш, бу борада ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
– Бугунги форум шунчаки илмий учрашув эмас, балки умумий тарих, қадриятлар ва ягона келажакка интилиш билан бирлашган туркий халқларнинг тиббиёт ва илм-фан соҳасидаги бирлигининг муҳим ифодасидир, – деди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров. – Озарбайжонда ташкил этилган туркий давлатлар тиббиёт ходимларининг биринчи конгресси бу борада муҳим қадам бўлган эди. Энди бу ҳамкорлигимиз Самарқандда янги даражага чиқишига ишончим комил. Онкологик касалликлар бугунги кунда инсоният олдидаги энг жиддий тиббий ва ижтимоий муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Унга қарши самарали курашиш фақат халқаро ҳамкорлик, илмий интеграция ва уйғун ёндашувлар асосида амалга оширилади. Шу жиҳатдан мазкур конгресс доирасида туркий давлатлар шифокорлари, олим ва мутахассислар онкологиянинг барча йўналишлари бўйича ўзаро фикр ва тажриба алмашиб олиш имкониятига эга бўлади.
Шунингдек, вазир ўз сўзида кейинги йилларда мамлакатимизда онкология хизматини такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани ва уларнинг натижаларига тўхталди. Тошкент шаҳри ва ҳудудларда замонавий тиббий муассасалар ташкил этилиб, халқаро стандартларга асосланган бошқарув тизими йўлга қўйилгани, шифохоналар сўнгги русумдаги ташхислаш ва даволаш ускуналари билан таъминлангани ва аҳоли ўртасида мунтазам скрининг текширувлари ўтказиш йўлга қўйилганини таъкидлади.
Туркия Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Кемал Мемишоглу кейинги йилларда Туркия ва Ўзбекистон давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари бутунлай янги босқичга кўтарилаётгани, халқларимизни азалий қардошлик алоқалари боғлаб туриши ва бу алоқалар изчил ривожланаётганини қайд этди.
[gallery-28657]
– Бизни умумий тарих, уйғун маданият ҳамда анъана ва қадриятлар боғлаб туради, – деди Кемал Мемишоглу. – Аждодларимиз тиббиёт соҳасида ҳам ҳамкорлик қилгани ҳақида тарихий манбаларда қайд этилган ва бугун бу алоқалар янгича кўринишда давом этмоқда. Хусусан, онкологик касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш борасида мутахассисларимиз ўзбекистонлик ҳамкасбларимизга яқиндан ёрдам бермоқда, бу борада ўзаро тажриба алмашиш яхши йўлга қўйилган. Бинобарин, бугун тиббиётни ривожлантириш халқаро ҳамкорлик ва замонавий технологиясиз бўлмайди. Биз туркий давлатлар ўзаро ҳамкорлик орқали, жумладан, онкологик касалликларни ҳам самарали даволашга эришишимиз мумкин.
Конгресс доирасида ўпка ва кўкрак бези саратони, гастроинтестинал, гинекологик ҳамда бошқа онкологик касалликлар бўйича илмий сессиялар, маҳорат дарслари ўтказилмоқда.
Анжуман қатнашчилари Самарқанддаги тиббий муассасаларда онкологик касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш борасида қўлланилаётган илғор услублар билан танишиши ҳамда тажриба алмашиши кўзда тутилган.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари