Соҳибқирон ворислари майдонда: жасорат ва шижоат имтиҳони
Буюк Соҳибқирон Амир Темур сиймоси халқимиз учун нафақат давлатчилик тимсоли, балки мардлик, жасорат ва адолат мезони ҳамдир. Бугунги кунда мамлакатимизда кечаётган маънавий янгиланишлар жараёнида аждодлар меросига эътибор ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: “Биз Амир Темур бобомиз билан қанча фахрлансак, унинг жаҳон тамаддунига қўшган беқиёс ҳиссасини ўргансак, ёшларимиз қалбида миллий ғурур ва Ватанга садоқат туйғуси шунчалик мустаҳкам бўлади”. Ана шу олижаноб мақсад ифодаси сифатида Жиззах шаҳрида Буюк Соҳибқирон таваллудининг 690 йиллигига бағишланган “Амир Темур ворислари” ҳарбий-спорт мусобақалари ўтказилди.
Мазкур тадбир Президентимизнинг 2026 йил 5 февралдаги тегишли қарори ижроси доирасида ташкил этилиб ёш авлод учун ҳақиқий маҳорат ва жасорат мактабига айланди.
Жиззах шаҳридаги Ёшлар инновацион марказида бўлиб ўтган бу галги беллашувлар нафақат жисмоний синов, балки маънавий бирлашув майдони бўлди. Олий таълим муассасалари қошидаги “Қалқон” жамоатчилик гуруҳлари ва фаол талабалардан иборат бешта жамоа олтита мураккаб шарт бўйича ўзаро куч синашди.
[gallery-28670]
Тантанали очилиш маросимида янграган давлат мадҳияси иштирокчилар қалбидаги ҳаяжон ва масъулиятни янада оширди. “Арқон тортиш” шартида жамоавий жипслик, “АК-74” автоматини қисмларга ажратиш ва йиғишда эса сониялар ичида қарор қабул қилиш маҳорати намоён бўлди. “Моҳир мерган” ва “Камондан отиш” каби шартлар эса ёшларнинг нафақат жисмоний бақувватлигини, балки диққатни жамлаш ва совуққонлик билан нишонни аниқ уриш каби профессионал кўникмаларини ҳам синовдан ўтказди. Айниқса, “Тош кўтариш” беллашувида иштирокчиларнинг иродаси ва чидамлилиги томошабинларнинг олқишларига сазовор бўлди.
Мусобақанинг энг ҳаяжонли лаҳзалари якуний босқич — мини футбол баҳсларига тўғри келди. Бу ерда жамоаларнинг тактик фикрлаши ва чаққонлиги 160 нафар иштирокчи қамраб олинган ушбу тадбирнинг моҳиятини янада ёрқинроқ очиб берди.
Президентимиз қайд этганидек: “Ҳарбий-ватанпарварлик тадбирлари шунчаки томоша эмас, балки ёшларни қийинчиликларга бардош беришга, ҳар қандай вазиятда Ватан ҳимоясига шай туришга ўргатадиган амалий тизим бўлиши керак”. Муросасиз кечган баҳслар натижасига кўра, Sambharam университетининг “Қалқон” жамоаси мутлақ ғолибликни қўлга киритди. Иккинчи ўринни Ўзбекистон Миллий университети Жиззах филиалининг “Темур издошлари”, учинчи ўринни эса Қозон федерал университетининг “Жасорат” жамоаси эгаллади.
“Амир Темур ворислари” мусобақаси ёшлар учун аждодлар жасоратига муносиб бўлиш, миллий ғурурни ҳис этиш ва ўз иқтидорини намойиш этиш имкониятини берди. Бу каби тадбирлар халқимизнинг порлоқ келажагини барпо этувчи, билимли ва бақувват авлодни шакллантиришда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади. Зеро, Соҳибқирон бобомизнинг: “Адолат ва инсоф билан иш кўргин” деган ўгитлари бугунги ворислар учун нафақат мусобақа майдонида, балки ҳаёт йўлида ҳам асосий шиор бўлиб қолаверади.
А. Қаюмов, Ж. ЁрбековЎзА мухбирлари