“Тамерлано” операси яна Тошкент саҳнасида
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида немис композитори Георг Фридрих Генделнинг “Тамерлано” операси намойиш этилди. Италиялик режиссёр Стефано Пода томонидан саҳналаштирилган мазкур асар Ўзбекистон Республикаси Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташаббуси билан яратилган.
Барокко даври мусиқа санъатининг нодир намуналаридан бири саналган “Тамерлано” операси Гендель томонидан 1724 йилда бор-йўғи 20 кунда яратилган. Асарда Амир Темур сиймоси ва унинг ҳаёти билан боғлиқ воқеалар ўзига хос бадиий талқин этилган. Сюжет марказида Амир Темур, Усмонли султони Боязид ва унинг қизи Астерия ўртасидаги мураккаб муносабатлар туради.
Операда ҳокимият, тақдир, муҳаббат, инсоний туйғулар ва маънавий танлов каби мавзулар ўз ифодасини топган.
Спектаклнинг режиссёри, саҳна безаклари муаллифи ва балетмейстери Стефано Пода асарни замонавий саҳна ечимлари асосида, яхлит бадиий инсталляция шаклида яратган.
Саҳна либосларида барокко услуби ўзбек миллий безак санъати билан уйғунлаштирилган. Уларни тайёрлашда миллий каштачилик намуналари, зарҳал безаклар, кўзгу элементлари ва турли даврлар тасвирий санъатига хос нақшлардан фойдаланилган.
Операнинг мусиқий талқини ҳам ўзига хос. Лойиҳага жалб этилган композитор Кирилл Рихтер Гендель мусиқасини карнай, рубоб, қўшнай, най ва чанг каби ўзбек миллий чолғулари садолари билан бойитган. Бу эса Европа барокко мусиқаси ва ўзбек миллий мусиқий анъаналарининг ўзаро уйғунлашувига хизмат қилган.
Опера асосан итальян тилида ижро этилиб, айрим мулоқот саҳналари ва хор эпизодларида ўзбек тилидан ҳам фойдаланилган.
Амир Темур образини Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Бошқирдистон ва Татаристон халқ артисти Женисбек Пиязов гавдалантирган. Боязид ролида бразилиялик опера хонандаси Даниэль Умбелино, Астерия образида аргентиналик сопрано Вероника Канхеми саҳнага чиққан. Бибихоним образини эса актриса Юлдуз Ражабова талқин этган.
Спектаклда Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган хор жамоаси, халқ чолғулари оркестри, “Ўзбегим” карнай-сурнай гуруҳи ҳамда балет труппаси қатнашган. Саҳна асарига жами 160 нафардан зиёд санъаткор жалб этилган.
Эслатиб ўтамиз, “Тамерлано” операсининг мазкур саҳна талқини премьераси 2024 йил октябрь ойида Тошкентда IV Жаҳон креатив иқтисодиёт конференцияси доирасида бўлиб ўтган эди. Кейинчалик спектакль Дубай операси, Санкт-Петербургдаги Мариин театрининг янги саҳнаси, Венадаги “Musikverein” концерт зали ҳамда Версаль қироллик операсида намойиш этилди.
[gallery-32352]
“Тамерлано” операсининг Тошкент саҳнасига қайтиши томошабинларга ушбу ўзига хос ижодий лойиҳадан яна бир бор баҳраманд бўлиш имконини берди. Мазкур саҳна асари ўзбек миллий маданияти ва жаҳон мусиқий мероси ўртасидаги ижодий алоқаларни мустаҳкамлаш, тарихий сиймоларни замонавий саҳна санъати воситалари орқали кенг тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этади.
Камола ЮСУПОВА,
Аслиддин АЛИЖОНОВ (сурат), ЎзА