Она тилим — миллат фахри, ғурурим!
21 октябрь — Ўзбек тили байрами куни ҳамда “Давлат тили тўғрисида”ги қонун қабул қилинганининг 37 йиллиги муносабати билан “Ҳунарманд” уюшмаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимлари ўртасида “Она тилим — миллат фахри, ғурурим!” шиори остида оммавий диктант тадбири бўлиб ўтди.
Давлат тили — миллий ўзликни англаш, маънавиятни юксалтириш ва мамлакат истиқболини белгилашда энг муҳим омил. Бугунги глобаллашув даврида она тилимизнинг софлигини сақлаш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида ёзма нутқ маданияти ва саводхонлик даражасини юксалтириш устувор вазифалардан бирига айланди.

Давлат тилига бўлган ҳурмат ва эҳтиромни янада юксалтириш, ходимларнинг ўзбек тилида саводли ёзиш кўникмаларини мустаҳкамлаш, она тилимизнинг нуфузини ошириш ҳамда унинг софлигини асраб-авайлаш мақсадида ташкил этилган тадбирда иштирокчилар ўзбек тилининг имло қоидаларига риоя этиш, ёзма нутқ саводхонлигини ошириш, давлат тилига бўлган эътибор ва масъулиятни кучайтиришга қаратилди.

Қайд этилганидек, бундай маънавий-маърифий тадбирлар давлат тилининг жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини янада мустаҳкамлаш, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳини шакллантириш ҳамда она тилимизга бўлган меҳр ва эътиборни оширишга хизмат қилади.
Г.Бобоева, ЎзА