Олтиндан ҳам қимматли йиллар
Инсон умрининг шундай босқичлари борки, унинг нақадар тотли экани вақт ўтиб маълум бўлади. Ана шундай бетакрор даврлардан бири бу шубҳасиз, талабалик йилларидир. Унда нафақат инсон ўз илмий салоҳиятини оширади, балки ҳаётнинг моҳиятини, илм машаққати-ю роҳатини янада яхшироқ ҳис этади. Бу йиллардаги қадамлар кишининг бутун умрлик фаолиятидаги муҳим йўлни белгилаб беради. Қолаверса, устоз-шогирдликдек муқаддас риштани янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
– Мен 2022 йилда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университетига ўқишга қабул қилиндим. Унда том маънода орзулар қанотида учар эдим. Кейин ўқиш машғулотлари бошланди. Ундаги ҳар бир дақиқа мен учун янги оламнинг ҳайратли манзили эди десам, муболаға қилмайман. Мен ўтган 4 йил давомида маънавиятим учун энг тоза ниҳоллардан эктирдим десам, адашмайман. Энди уларнинг мевалари менинг умримга мазмун ва роҳат бахш этмоғи шубҳасиз. Бу йилларда туйилган туйғуларни ҳозир фақат қайта танамда ҳис этяпман. Уларни сўз билан таърифлаб бўлмайди.

Айниқса, бунда орттирилган дўстлар ҳаётимда янги ва мароқли саҳифа бўлди. Қолаверса, бу олийгоҳда адабиётнинг жамиятимизга, умуман инсониятга бўлган таъсирини яхшигина англадим. Олдимга шундай мақсад қўйдимки, адабиётнинг қудратидан жамиятимиз ва мамлакатимиз юксалиши йўлида албатта фойдаланаман. Юртбошимиз илгари сураётган китобхон миллат бўлиш ғоясини амалга оширишда бор салоҳиятимни ишга соламан, – дейди мазкур олийгоҳ 4-курс талабаси Дилбар Жўраева.
Кўриниб турибдики, битирувчи ёшларнинг қалбида чексиз ҳаяжон бўлиш билан бирга юксак мақсадлари ҳам бор. Бу шуни англатадики, ҳақиқий илм кишилари ўз салоҳиятларини мамлакат ва жамият фаровонлигига сафарбар этади. Шунинг учун ҳам талабалик йиллари олтин давр дея таърифланса, неажаб. Зотан, илм- барча хазиналарнинг калитидир.

Хулоса қилиб айтганда, бугун битирувчи мақомда турган миллионлаб талабалар юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшадиган кадрлар бўлиш масъулиятини ҳис этмоқлари, талабаликка интилаётган ёшлар эса бу олтиндан-да қимматли йилларни беҳуда ишларга сарфламасликлари лозим.
Шербек Исломов, ЎзА