Олий таълимда инглиз тилини ўқитишни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
Бугунги кунда йўлга қўйилаётган халқаро ҳамкорликларнинг салмоғи тобора ортиб бормоқда. Айниқса, олий таълим тизимида бу ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Сардор Ражабов EFEKTA Education компанияси катта вице-президенти Бенжамин М.Хоуп билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистон олий таълим тизимида инглиз тилини ўқитиш сифатини ошириш, таълим жараёнига замонавий рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларини кенг жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Сардор Ражабов бугунги кунда талабаларнинг хорижий тилларни, хусусан, инглиз тилини пухта эгаллаши уларнинг академик ва касбий имкониятларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Мулоқотда таълим жараёнини замонавий технологиялар асосида индивидуаллаштириш, талабаларнинг билим ва кўникмаларини ривожлантириш ҳамда таълим натижадорлигини оширишга қаратилган ёндашувлар юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, EFEKTA Education компаниясининг сунъий интеллектга асосланган таълим платформасидан Ўзбекистон олий таълим тизимида фойдаланиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида мазкур йўналишда ҳамкорликни давом эттириш, илғор рақамли ечимларни таълим жараёнига жорий этиш ва талабалар учун замонавий тил ўрганиш имкониятларини кенгайтириш бўйича ҳамкорликда иш олиб боришга келишиб олинди.
Шербек Исломов, ЎзА