Олимпиадада кучсиз спортчи бўлмайди
Эртага Токио шаҳрида (Япония) ХХХII ёзги Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади.
Бир йил кечикиб, минг бир машаққату муҳокамалардан сўнг ўтказилишига старт берилаётган нуфузли мусобақада қатнашадиган Ўзбекистон спорт делегацияси шу кунларда асосий баҳсларга киришишга шай бўлиб турибди.
Кеча Ўзбекистон оғир атлетика терма жамоаси Украинадаги олимпия ўйинлари учун ўтказилган сўнгги ўқув-машғулот йиғинини якунлаб, бугун Токиога етиб борди.
Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раиси ўринбосари Шахрулла Маҳмудов билан сафар олдидан Токио-2020 мусобақалари, спортчиларнинг олимпия ўйинларидаги имкониятлари ва оғир атлетика спортига доир қатор масалалар хусусида суҳбатлашдик.
- Оғир атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларининг сўнгги машғулоти Украинада ўтказилишига нима сабаб бўлди?
- Олимпия ўйинларига тайёргарликнинг ҳозирги машғулоти айнан Украинада ўтказилишига бир қатор объектив ва субъектив сабаблар бор, албатта. Украина об-ҳавоси, биринчи навбатда, спортчиларнинг руҳий ва жисмоний қувват олиши учун жуда қулай, иккинчидан, бу юрт Ўзбекистон ҳам, Япония ҳам эмас. Бу, умуман бошқа иқлим ва бошқа шарт-шароитларга эга маскан.
Терма жамоа мураббийлари ва мутахассислар маслаҳати билан амалга оширилаётган ишлар, ўйламанки, Токио спорт майдонларида атлетларимизга ҳар томонлама кўмак беради.
- Украина иқлимида машғулот ўтказган спортчиларни Япония об-ҳавосига мослаштириш қандай бўлади?
- Боя айтганимдек, бу режа асосида амалга оширилган машғулот. Кейин биз Япония табиатига мослашиш учун кунчиқар юртга яқин бирор мамлакатда машғулот ўтказишимиз ҳам мумкин эди. Аммо спортчиларни Токио об-ҳавосига мослаштиришдан кўра, уларни доимий тарзда турли иқлим шароитларига мослаштириш орқали кўзланган мақсадга эришишни ният қилганмиз.
- Оғир атлетика баҳслари олимпия ўйинлари дастурига биноан 24 июлдан бошланади. Ўзбекистон спортчилари қайси кунлари Токио оғир атлетика супасига чиқишни бошлайди?
- Ҳақиқатан, Токио-2020да оғир атлетиканинг илк баҳслари 24 июлдан бошланади. Биринчи кунги дастурга кўра, олимпия мусобақасини 49 килограммдаги аёллар баҳси бошлаб беради. Ушбу вазнда терма жамоамиздан ҳеч ким қатнашмайди. Вакилларимиз асосий курашга 25 июлдан киришади. Ўша куни олимпиада супасига 67 килограмм вазн тоифасида Адҳамжон Эргашев кўтарилади. Ундан кейин 26 июль куни аёллар ўртасидаги 55 килограмм вазн тоифасида Муаттар Набиева, 1 августдан Кумушхон Файзуллаева 76 килограмм вазнда ва ниҳоят 3 август куни 109 килограмм оғирликдаги спортчилар мусобақасида жаҳон чемпиони Акбар Жўраев Ватанимиз шарафини ҳимоя қилиш учун олимпия майдонида баҳсларга киришади.
- Мусобақа олдидан спортчиларимизнинг кайфияти қандай?
- Ҳар қандай натижага энг аввало, кайфият орқали эришилади. Шу ўринда бир ҳақиқатни айтмасам бўлмас. Ўзбекистон спортчиларига, хусусан оғир атлетикачиларга олимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш, Токио-2020 йўлланмаларини қўлга киритиш учун давлатимиз томонидан барча қулайликлар яратиб берилди. Ўқув-машғулотидан тортиб халқаро мусобақаларда иштирок этишгача, спортчининг машғулот ўтказишидан унинг оилавий шароитини яхшилашгача, қўйингки, ипидан игнасигача бўлган масалалар ўз ечимини топди. Шунинг учун ҳам бу галги олимпия ўйинларида юртимиз спортчиларининг қўлга киритган йўлланмалар сони ҳам, спорт турлари қамрови ҳам кенгайди. Бундай шароитда спортчиларнинг кайфияти қандай бўлиши мумкин?! Албатта, аъло бўлади-да. Тўғри, ҳар бир инсоннинг, қолаверса спортчининг ҳам ўзига хос руҳий кечинмалари, ички ҳаяжони ёки кўникма ҳосил қилиш маданияти бўлади. Бу борада шифокорларимиз, мураббийлар, мутахассислар кенг миқёсли иш олиб борди ва олиб бормоқда.
- Бугунги кунда Халқаро оғир атлетика федерациясидаги қатор муаммолар сабаб Халқаро олимпия қўмитаси оғир атлетика спорт тури кучли бўлган бир қатор давлатларнинг жамоаларига қатъий чоралар кўрди. Улар чекланган таркибда Токио-2020да қатнашади. Яна бир қатор давлатларнинг оғир атлетикачилари олимпия ўйинларидан умуман четлатилди. Бу Ўзбекистон спортчиларининг медаллар учун курашига қандай таъсир кўрсатади?
- Бирор давлат спортчиларининг мусобақалардан четлатилиши ёки таркибнинг қисқариши медаллар учун имкониятларнинг ошишига олиб келади, деб ўйлайдиган спортчи, мураббий ёки мутахассис қаттиқ адашади. Катта спортда, айниқса олимпия ўйинларида кучсиз жамоа ёки спортчи бўлмайди. Бу ерга ҳамма ютаман, деб келган. Шу боисдан, қайсидир жамоаларнинг четлатилиши ёки таркиби қисқариши медаллар учун имкониятни оширмайди, аксинча рақобатни янада кучайтиради. Ҳар бир спортчимизнинг кучли ва кучсиз томонларини, рақибларимизнинг ҳаракат техникаси ва тактикасидан келиб чиқиб, ҳар бир баҳсга алоҳида ёндашишни режалаштирганмиз.
- Оғир атлетикачиларимизнинг асосий рақиблари кимлар бўлади, деб ўйлайсиз?
- Олимпиадада, умуман мусобақада ҳар бир спортчини асосий рақиб сифатида кўриш лозим. Лекин кимлар кучли эканлиги хусусида шуни айтишим мумкинки, масалан, 55 килограмм вазнда Америка қитъасининг бир қатор давлатлари, шунингдек, қозоғистонлик, филлипинлик, хитойлик қизларнинг имконияти анча яхши бўлса, Кумушхон Файзуллаева вазнида Россия, Украина, Германия, Эквадор, АҚШ, Мексика каби қатор давлатларнинг кучли оғир атлетикачилари бор.
Йигитларимиз вазнида эса Хитой, Россия, Колумбия, Болгария каби қатор давлатларнинг спортчилари юқори техникага эга бўлган атлетлар ҳисобланади. Лекин бу спорт. Унда кутилган ва кутилмаган натижалар бўлиши шубҳасиз. Биргина Руслан Нуриддиновнинг жаҳон оғир атлетикасида эришган натижаларига разм солсангиз, шунинг ўзи кифоя. Нима демоқчиман? Бундан 10 йиллар муқаддам Ўзбекистон оғир атлетикасида шундай спортчилар етишиб чиқади, деб қайси мутахассис ўйлаганди ёки башорат қилганди? Шу маънода, Токио олимпиадаси катта шов-шувлар, юксак ғалабалар майдони, етук чемпионлар кашф этиладиган нуфузли спорт анжумани бўлиб тарихдан жой олиши шубҳасиз.
Тўлқин РЎЗИЕВ суҳбатлашди.