ОКМК истеъдодларни қўллаб-қувватлайди
Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан спортни ривожлантиришга ва иқтидорли ёшларни истеъдод ва иқтидорларини юзага чиқаришга катта эътибор қаратиб келинмоқда.
Комбинат кўмаги билан спортчи ёшлар ўз истеъдодларини халқаро майдонларда намойиш этиб, мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда. Ана шундай ёшлардан бири Муниса Ашурбекова теннис бўйича жорий йилнинг 19-25 сентябрь кунлари Қувайт давлатида ўтказилган халқаро турнирда мутлақ ғалаба қозонди.
Ушбу халқаро теннис мусобақасида терма жамоа сафида иштирок этган ёш спортчи Муниса Ашурбекова яккалик ва жуфтлик баҳсларида барча рақибларидан устун келди. Муниса бир неча йиллардан буён Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан қўллаб-қувватлаб келинмоқда. Салкам 10 йилдан буён теннис билан профессионал даражада шуғулланаётган Муниса Олимпия захираси Республика теннис мактаби ўқувчиси ҳисобланади.
Муниса Республика миқёсидаги мусобақа (турнир)ларда иштирок этиши билан бир қаторда ватанимиз шарафини Халқаро турнирларда муносиб ҳимоя қилиб келмоқда ва ўнлаб турнирлар ғолиби саналади.
Мунисанинг ушбу ғалабаси халқаро турнирлардаги учинчиси бўлади.
Комбинат томонидан ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг иқтидор ва истеъдодларини юзага чиқариш учун шароитлар яратиб бериш ишлари бардавомлик касб этади.
ОКМК Ахборот хизмати