Оилани асраш – миллат келажагини асраш
Оила — инсон ҳаётидаги энг муқаддас қўрғон, жамиятнинг энг мустаҳкам таянчи ва миллат келажагини белгилайдиган бебаҳо қадриятдир. Соғлом ва аҳил оилада тарбия топган фарзандлар юрт равнақига муносиб ҳисса қўшадиган, юксак маънавиятли ва ватанпарвар шахслар бўлиб камолга етади. Шу боис Янги Ўзбекистонда оила институтини мустаҳкамлаш, ажримларнинг олдини олиш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ҳамда фарзандлар манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Президентимиз ташаббуси билан бу борада ҳуқуқий асослар янада такомиллаштирилиб, маҳаллаларда профилактик ишлар кучайтирилмоқда, оилалар билан манзилли ишлаш тизими йўлга қўйилмоқда.
Ана шу эзгу мақсадлар ижроси доирасида Бухоро вилояти Когон шаҳар ҳокимлиги биносида вилоят суди ҳамда вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамкорлигида “Оила — жамият таянчи, маънавият бешиги ва авлодлар ўртасидаги узвийлик рамзидир” мавзусида маънавий-маърифий учрашув ташкил этилди.
Тадбирда фуқаролик ишлари бўйича Когон туманлараро судига никоҳдан ажратиш бўйича мурожаат қилган оилалар, уларнинг ота-оналари, мутасадди ташкилотлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Учрашув давомида сўз олган мутахассислар эр-хотиннинг оила олдидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари, фарзанд тарбиясидаги масъулияти, ўзаро ҳурмат, сабр-тоқат ва ишончнинг аҳамияти ҳақида атрофлича фикр юритдилар. Айниқса, оилавий низоларнинг келиб чиқиш сабаблари чуқур таҳлил қилиниб, учинчи шахсларнинг аралашуви кўпинча муносабатларни янада кескинлаштириши, ҳар қандай муаммони мулоқот ва муроса орқали ҳал этиш энг тўғри йўл экани таъкидланди.
Тадбирнинг энг таъсирли лаҳзаларидан бири Ўзбекистон Республикаси Олий суди буюртмаси асосида суратга олинган “Фарзанд омонат” қисқа метражли фильмининг намойиши бўлди. Фильм никоҳдан ажралишнинг энг оғир оқибати фарзандлар тақдирида акс этиши, уларнинг қалбида қоладиган оғриқ ва руҳий кечинмаларни ҳаётий воқеалар орқали ёритиб берди. Асар иштирокчиларни чуқур ўйга толдириб, кўпчиликни бефарқ қолдирмади.
Шундан сўнг вилоят ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Ҳ. Ортиқова томонидан жорий йилнинг дастлабки олти ойида вилоятда ажралиш ёқасига келган ҳамда низолашаётган оилалар юзасидан таҳлилий маълумотлар тақдим этилди. Маърузада ажримлар ортида қолиб кетаётган фарзандларнинг тақдири, уларнинг руҳий ҳолати ва келажагига салбий таъсир кўрсатувчи омиллар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.

Тадбирнинг энг қувонарли натижаси эса масъуллар томонидан ҳар бир оила билан якка тартибда олиб борилган самимий мулоқотлар самарасида намоён бўлди. Натижада 16 та оиланинг ярашишига эришилди. Бу эса нафақат ўн олти оиланинг сақланиб қолиши, балки ота-она меҳридан маҳрум бўлиш хавфи остида турган ўнлаб фарзандларнинг бахтли ва аҳил муҳитда вояга етиш имконияти сақлаб қолинганини англатади.
Бугун давлатимиз раҳбари томонидан оилаларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ёш оилаларга амалий ёрдам кўрсатиш, маҳаллаларда муаммоли оилалар билан тизимли ишлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Бу ташаббуслар ҳар бир хонадонда тинчлик, тотувлик ва барқарор муҳитни қарор топтиришга хизмат қилмоқда.

Зеро, оила — фақат бир хонадон эмас, балки бутун жамиятнинг келажагини белгилайдиган муқаддас даргоҳдир. Биргина оиланинг сақланиб қолиши ҳам бир неча авлоднинг бахти, фарзандларнинг порлоқ келажаги ва миллатнинг маънавий қудрати демакдир. Шу маънода Когонда ўтказилган мазкур учрашув инсон қалбига эзгулик уруғини қадаган, муроса ва меҳрнинг беқиёс кучини яна бир бор намоён этган ибратли тадбир сифатида аҳамият касб этди.
Дарҳақиқат, оила мустаҳкам бўлса — жамият барқарор, жамият барқарор бўлса — мамлакат тараққиёти янада юксалади. Фарзанд кулгуси янграган, меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат ҳукм сурган хонадонлар эса Янги Ўзбекистоннинг энг ишончли ва мустаҳкам пойдевори бўлиб қолаверади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири