Оила – қадриятлар ўчоғи
Таъбир жоиз бўлса, реал миллий ҳаёт такомили шахсларга, уларнинг камолот даражасига боғлиқ. Ўзга миллат вакиллари эришган, эришаётган ютуқдан хурсанд бўлишни ҳамма ҳам эплай олмайди. Умуминсоний қадриятлар деймиз, уни юрак-юракдан ҳис қиладиганлар бугунги кунда озми ё кўп? Бунга ҳам аниқ бир нарса дейиш қийин.
Болажон, меҳмоннавоз, бир бурда нонини ўзгалар билан баҳам кўришни қалб амри деб қабул қилгувчи биз ўзбеклар азал-азалдан бошқа эл, элатлар ва ўзга эътиқод эгалари ҳис-туйғуларига ҳамиша эҳтиром кўрсатиб келганмиз. Нокамтарлик бўлса ҳам айтиш жоиз, айнан ана шу бағрикенглиги билан ҳам ўзбекларни жаҳондаги энг тинчликсевар, заковати юксак миллатлар сирасига киритиш мумкин.
Бугун ҳаёт тарзимиз жуда тез ривожланиб, юксалиб бораётган бир пайтда ҳам ўзбек оилаларидаги “муқаддас меҳвар” яъни, дастурхон атрофида барча оила аъзоларининг бирлашиши қадриятнинг энг таъсирчан усули бўлиб қолмоқда.
Комиллик касб этиш – оиладан бошланади. Соф ўзбекона, камтарона яшаш тарзи, миллий қадриятлар инсон онги ва кўнглига кириб боришда оиланинг ўрни беқиёс. Жамият барқарорлиги – миллий урф-одатлар, оилалардаги муҳит, ахлоқий-маънавий меросларни ўзлаштириш, бу аввало, миллати, эътиқодидан қатъи назар атрофдагиларни ҳурмат қилишдан бошланади.
Шу нуқтаи назардан қараладиган бўлса, миллий қадриятларнинг ҳаётимиздаги маърифий ўрни беқиёс. Зеро, ҳаётимизнинг мазмунига айланиб бораётган ижтимоий нормалар – миллий характер, этнопсихологик хусусиятлар замирида айнан комил инсон ғояси ётади. Комиллик эса, юқорида таъкидлаганимиздек, ўзини, ўзлигини англаган шахсларга боғлиқ бўлади.
Миллий тарихимиз ва умумбашарий тараққиёт ривожига беқиёс ва беғараз ҳисса қўшган, донишманд, ғафлат уйқусидан аллақачонлар бедор бўлган, нафсига хўжайин бўлган закий аждодларимиз хизмати, аввало, қадриятларимизни улуғ неъмат деб билганларида десак янглишмаймиз. Очиғини айтиш керак, қадрият сўзида одам боласи илғаб-илғамаган катта ҳаётий маъно яширин бўлади…
Шунинг учун бой тарих, миллий қадриятларимиз деганда кўз ўнгимизга ҳали кўчаларни чангитиб юрганимиздаёқ қиёфалари нигоҳларимизда муҳрланиб қолган азиз бобо ва момоларимиз келади.
Бугун ер юзида фақат битта миллатга тегишли бўлган ахлоқий жавоҳиротларни топиш мушкул. Маданиятлар хилма-хил, ранг-баранг.
Мақсад, кўзланган йўл бир бўлмагандан кейин барча халқлар, турли дин, қарашлар эгалари елкасига бир хил тўн ёпиш тўғрими?..
Замонавий Ғарб қанчалар жозибали кўринмасин, тўғрироғи, уни бизнинг кўзимизга “олов”дек кўрсатишмасин, чинакам Шарқ одами шовқин-суронлардан ўзини асрай олишга интилади, жар ёқасига қараб кетаётган бегона одатларни қабул қилмайди. Бу борада, айниқса, ёшларни асраб-авайлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб масала. Чунки, ёшлар бугунимизнинг ярми, келажагимизнинг ҳаммасидир.
Томошабинлик, бефарқлик бугунги кун ҳаётимизнинг энг катта қусурларидан бири, дейиш мумкин. Техник тараққиёт, сунъий интеллект, кейинги авлод руҳиятидаги кескин “айниш”ни зинҳор норма, идеал ҳаёт деб қабул қилиб бўлмайди. Бу кичкина муаммо эмас. Ана шу гўёки кичкинадек кўринаётган анъаналарни тарғиб қилаётган кучларнинг ортида катта-катта давлатлар тургани ғоят ачинарли.
Хўш, ён-атрофимизда миллий урф-одатларимиз, қадриятларимиз билан “қуролланган” ёшларимиз сони озми ё кўп?
Фундаментал илмларни пухта эгаллаётган, аниқ фанларни ўзлаштиришда “мана-мен” дейдиган ўғил-қизларимиз сони-чи, қанча?
Ижтимоий тармоқларга “михланиб қолган”, шу ердаги маълумотлар доирасида онглари шаклланаётганлар армияси, афсуски, кўпайгандан кўпайиб бормоқда. Керакли ва кераксиз маълумотлар базасига айланиб улгурган миямиз узлуксиз ахборот оқимини анализ-синтезлаш жараёнида толиқиб, танамизнинг меҳнатсеварликка бўлган лаёқатини кескин тушириб юбормаяптими?
Бу фақат ёшларнинг ёки замоннинг айби эмас. Замонни ёмонлаб бўлмайди. Биз катталар фарзандларимизга, ёшларимизга муносиб ибрат бўлолмаяпмиз. Буни тан олиш ва ечимини топадиганлар бор, дея қараб туришга ҳаққимиз йўқ. Муаммо борми, демак унинг ечими ҳам бор, бўлиши керак. Фақат ҳақиқатга тик қарашни ўрганишимиз керак, тамом-вассалом!
Кундалик турмуш одатларимизга бир назар ташлайлик: ўзбек хонадонларида уй юмушлари тонг саҳардан эшикларни очиб, кўча-ҳовлиларни саришталашдан бошланади. Қизларга болаликдан покиза хонадонга фаришталар ризқ-рўз, файзу-барака улашади, деган эзгу эътиқод сингдирилади. Эшикдан келган меҳмонни очиқ юз билан қўлини кўксига қўйиб, табассум ила кутиб олиш, дастурхон ёзиб, яхши ниятлар қилиб дуога қўл очишгача – бари-барида бола руҳиятини латиф тарбиялайдиган, маънавий камолотида жуда асқатадиган ибратлар бор.
Чиндан-да, тарбияда миллийликка асосланиш давр ва ёрқин келажакка эришишнинг маънавий талабидир. Миллий меросга айланган оилавий қадрият – оила аъзолари йиғилишининг бизгача етиб келиши ҳам бу ҳодисанинг қанчалик қадрли ва қадимийлигидан далолат. Бунда не-не умидлар билан яшаган халқимизнинг аслни наслдан ажратишга баҳо бериш мезони зуҳур топгани ойдинлашади. Бугунги тезкор давр ичида туриб, шундай улуғ қадриятларимиз унутилмай, илдизидан узоқлашмай яшаб қолаётганини кўриб, бу – чин қаҳрамонлик, дегинг келади.
“Ота-оналар, болалар ва бобо-бувилар” учбурчагида ҳеч бир жойда ҳис қилиб бўлмайдиган “руҳий терапия” мужассам. Бу мукамаллик сувига тўлиб-тошган булоқ, сайқалланган кўзгудан софроқдир. У илоҳий бир неъматдек халқимиз қалбида ўз мустақиллигини тушуниб етиш туйғуси билан бирга етилган.
Ёшлар тарбиясидаги илк қадамни ота-она қўяди, унга ҳушёр, камсуқум, зийрак бобо-бувиларнинг бой ҳаётий тажрибалари боғлангандагина ижобий самара беради.
Жонкуяр ота-оналаримиз, хокисор бобо-бувиларимизнинг руҳ ва тафаккур “лочини” самони забт этган муборак дуоларини олиб, оила аъзоларининг бир дастурхонда жам бўлиши ҳар қандай бахтдан-да устун. Уларнинг нақлий ва ақлий тамойилларини ўзимизга юқтириб, бугунги ҳаётимизда татбиқ эта олсак, келажак иморатига битта мустаҳкам ғишт қўйган бўлардик.
Бу хусусда улуғ халқимизнинг қуйидаги сўзи ғоят ибратлидир:
“Биринчи ғиштни қийшиқ қўяркан меъмор,
Осмонга етса ҳам қийшиқдир девор”.
Демак, мунаввар йилларнинг соат милларидек тез ҳаракатланиши, бугунги ёшларга хос учқурлик янгиликка мослашишни талаб қилади. Мослашиш эса юқорида таъкидланганидек, асл илдиздан узоқлашмасдан амалга ошмоғи лозим.
Буюкликда мерос бўлиб келаётган доно халқимизнинг бундай юксак маънавиятини эъзозлаган давлатимиз раҳбарининг “Дуо қилган, дуо олган ҳеч қачон кам бўлмайди. Бундай жойдан ҳеч қачон барака аримайди” деган сўзлари қалбларга, кўнгилларга қувват бағишлайди.
Миллий менталитетимиз, давлатимиз қонунлари, шарқона урф-одатлар, маданиятимиз, миллий ахлоқ нормаларимиз бор бўлсин, дегинг келади. Азал-азалдан оилавий дастурхон атрофида бўладиган жонбахш суҳбатлар, ўгитлар, ихлос, эътиқод - буларнинг ҳамма-ҳаммаси миллий тарбия босқичлари, бешигидир.
Ойдин кунлар учун қоронғулик ичидан сабр билан ўтиш кераклигини англаган, миллий қадриятларга суюнган назари тийрак халқимизнинг оилавий етукликка алоҳида эътибор берганликлари фарзанднинг нечоғли ақлий ҳамда руҳий ўсиш даражасини, қолаверса, ҳаққоний куч-қудратни очиқ намоён қила олиши, ўз оиласига мансуб эканлигини бошқарадиган ҳиссиётга муҳтожлиги ва бу нисбат билан фарзанд ўзида ижтимоий шаклланишни ҳосил қилиб, келажакда оила саодатига айланишидек ноёб жараён бугун бизга жуда зарур.
Юқорида айтилган гаплар маълум бир вазирлик ёки алоҳида соҳа масъулларига қаратилмаган, балки ҳар биримиз, ҳар бир ота-она елкасидаги буюк бурч, деб қаралмоғи лозим!
Қуёш нурларини беркитиб бўлмаганидек, миллий қадриятларимиз чироғини ҳам сўндириб бўлмас. Аслида, мудроқлик хасталигидан узоқ, фикри, зикри билан уйғоқ аждодларимизнинг эзгу фазилатлари ҳар биримизнинг жисми жонимизда мавжуд. Бу хусусиятлар бизларга ота-оналаримиздан қон орқали ўтиб келади.
Айни шу асосда ёшлар ўз ҳаракатларини идора қилишга, фаолияти мазмунини таҳлил этиб, режа билан иш тутишга ўрганиб, ўзи учун андоза танлайди.
Оилавий дастурхон атрофида нафақат таомланиш, балки ўзини тутиш тартиб-одоблари, маданий гигиеник кўникмалар, катталарга хизмат қилиш, ҳикматли суҳбатлардаги муомила қоидалари бола онгу-шуурида сақланиб, келгусида ножўя хатти-ҳаракатлардан тийилишига ундайди.
Албатта, ҳар бир ота-она кексайган чоғи дилбандига суяниши улкан бахт, лекин бу бахт ўз-ўзидан келмайди. Шундай экан, суянмоқчи бўлган тоғингиз бир кун ногаҳон нурашига йўл қўйманг.
Кўҳна тарихдан сабоқ ва хулоса шуки, ибратли қадриятларни “бош мавзу” билиб, ёшлар қалбига маънавий жасоратнинг улуғ мероси сифатида, замон тараққиётига мос равишда сингдириб бориш абадул-абад давом этадиган жараёндир.
Мадина Зуфарова,
“RENESSANS” таълим университети талабаси,
ЎзА