Оила қадри улуғланган маскан
Фарғона вилоятида ИИВ ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти масъуллари томонидан ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш, жамоада соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш ҳамда оилавий қадриятларни тарғиб қилишга қаратилган қатор тадбирлар ташкил этилади.
Фарғона шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида “Оиламга менинг ҳиссам” мавзусида маданий-маърифий тадбир ўтказилди. Тадбирда оила муқаддаслиги, фарзанд тарбияси, меҳр-оқибат ва инсоннинг жамиятдаги ўрни ҳақида атрофлича фикр алмашилди. Самимий мулоқотлар давомида иштирокчилар оиладаги ўзаро ҳурмат ва эътиборнинг аҳамияти хусусида ўз қарашлари билан ўртоқлашдилар.

Тадбир давомида хизмат вазифасини намунавий бажараётган бир гуруҳ ходимларнинг ота-оналарига Қўриқлаш хизмати бошлиғининг ташаккурномалари ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Бу эътироф ота-оналарнинг фарзанд тарбиясидаги меҳнатига бўлган ҳурмат ифодаси сифатида катта мамнуният билан қабул қилинди.

— Бугунги тадбир биз учун жуда катта маънавий рағбат бўлди. Оилага бўлган эътибор, ота-оналарга билдирилган ҳурмат инсонни янада руҳлантиради. Фарзандларимизни ватанпарвар, маънан етук қилиб тарбиялашда бундай учрашувлар алоҳида аҳамиятга эга, деб ўйлайман, —дейди тадбир иштирокчиси Нозима Раҳмонова.
Шунингдек, иштирокчилар учун мономарказ бўйлаб экскурсия ташкил қилиниб, у ердаги замонавий ўқув йўналишлари ва яратилган имкониятлар билан таништирилди.

Бундан ташқари, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари иштирокида сайёр қабул ўтказилиб, иштирокчиларнинг мурожаат ва таклифлари тингланди ҳамда мавжуд масалаларни ҳал этиш бўйича аниқ муддатлар белгиланди.
Фарғона давлат университети спорт мажмуасида Қўриқлаш хизмати ходимлари ўртасида волейбол бўйича “Қўриқлаш бошқармаси бошлиғи кубоги” мусобақаси ҳам ташкил этилди. Қизғин ва муросасиз кечган баҳслар якунида ғолиб жамоалар медал ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Н.Раҳмонова, ЎзА