Оила — меҳр ва садоқат маскани
Сирдарё вилояти Боёвут туманида оила институтини мустаҳкамлаш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда соғлом оилавий муҳитни кенг тарғиб этишга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар изчил давом этмоқда. Шундай тадбирлардан бири туманнинг Алишер Навоий маҳалласида истиқомат қилувчи Норжоной Худойназарова хонадонида ташкил этилган “Аёл саодати” семинарида ўз ифодасини топди.
Тадбирда маҳалла фаоллари, хотин-қизлар фаоллари, бувижонлар мактаби аъзолари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Унда оиладаги тотувликни мустаҳкамлаш, фарзанд тарбиясида ота-онанинг масъулияти, миллий ва маънавий қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда уларни келажак авлодга етказиш масалалари муҳокама қилинди.

– Президент Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларида оила жамиятнинг энг асосий бўғини, уни мустаҳкамлаш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда келажак авлодни соғлом маънавий муҳитда тарбиялаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлаб келади. Ҳақиқатан ҳам, оилада меҳр, ўзаро ҳурмат ва ишонч қарор топган тақдирдагина соғлом жамият шаклланади. Бугунги кунда ўтказилаётган бундай учрашувлар хотин-қизлар фаоллигини ошириш, ёш авлодни тарбиялаш ва маънавий муҳитни мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани таъкидланди, – дейди Туман кенгаши депутати Каромат Каримова.

Тадбирда оилавий муносабатларда учрайдиган келишмовчиликларнинг олдини олиш, ажримлар профилактикаси, ёшларни мустақил ҳаётга тайёрлаш ҳамда сабр-тоқат ва бағрикенглик маданиятини шакллантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, бувижонлар мактаби аъзоси Маърифат Ибодуллаева маҳаллада тинчлик ва оилавий барқарорликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталди.

– Маҳаллада тинчлик ва осойишталикни сақлаш, оилаларда тотувликни мустаҳкамлаш муҳим вазифалардан биридир. Ажримлар ортида нафақат икки инсон тақдири, балки фарзандлар келажаги туради. Шу боис ҳар бир хонадонга кириб бориб, муаммоларни жойида ўрганиш ва уларни тинч йўл билан ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кўп ҳолларда бир оғиз ширин сўз ҳам катта келишмовчиликларнинг олдини олади, – деди у.
Тадбирда билдирилган фикр-мулоҳазалар оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, ижтимоий барқарорликни таъминлаш ҳамда маҳалла институти ролини кучайтиришда бундай учрашувларнинг муҳим аҳамият касб этишини яна бир бор тасдиқлади.
Мутахассислар фикрича, оиладаги соғлом муҳит жамият барқарорлиги ва келажак авлод тарбиясининг муҳим омили ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, бундай маънавий-маърифий тадбирлар жойларда ижтимоий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини тадбир иштирокчилари эътироф этдилар.
Зеро, оила меҳр, садоқат ва инсонийлик туйғуларини шакллантирадиган муқаддас маскандир. Унинг мустаҳкамлиги эса жамият тараққиётининг муҳим гаровидир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири