Хайрли ташаббуслар давомий бўлсин
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида амалга оширилаётган хайрли ташаббуслар Бухоро туманида ҳам изчил давом этмоқда.
Дастурнинг “Саломатлик сари” акцияси доирасида тумандаги “Гулшанобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 6-сон оилавий поликлиникада бепул тиббий кўрик ташкил этилди. Унда маҳаллий аҳоли вакиллари билан бир қаторда Хумин, Фошун ва бошқа маҳаллалардан келган фуқаролар ҳам иштирок этди. Қарийб 100 нафар турли ёшдаги инсонлар малакали шифокорлар кўригидан ўтказилиб, уларга аниқ ташхислар қўйилди ва зарур муолажалар тавсия этилди.

Тадбир доирасида ташкил этилган тиббиёт кўргазмасида шифобахш ўсимликлар ва турли дори-дармон намуналари ҳам намойиш этилди. Мутахассислар томонидан уларнинг қўлланилиши, фойдаси ва эҳтиёт чоралари юзасидан тушунтиришлар берилди. Бу эса иштирокчиларнинг тиббий маданиятини оширишга хизмат қилди.

Шу куни “Юракка йўл” акцияси доирасида уйда даволанаётган 1-гуруҳ ногирони Қаҳрамон Жалолов хонадонида бўлиб, унинг ҳолидан хабар олинди. Шифокорлар томонидан тиббий кўрик ўтказилиб, даволаниш жараёни бўйича аниқ тавсиялар берилди. Унга дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотлари топширилиб, зарур ҳолларда тиббиёт муассасасида даволаниш учун йўлланма ажратилди.

“Халқ билан бирга” дастурининг яна бир муҳим йўналиши бу аҳоли билан бевосита мулоқотни таъминлаш мақсадида маҳаллада сайёр қабул ўтказилиши бўлди. Унда депутатлар, маҳаллий кенгаш аъзолари ва мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Юзма-юз мулоқотлар чоғида фуқаролар ўзларини қийнаётган масалаларни очиқ баён қилди.

Жумладан, Жонбобо қишлоғида электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар, Хўжаробот ҳудудида йўл ҳаракати хавфсизлигига оид камчиликлар ҳамда Хумин маҳалласидаги ички йўлларни таъмирлаш масалалари кўтарилди. Барча мурожаатлар масъуллар томонидан назоратга олиниб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Ёшлар билан мулоқот эса тадбирларнинг энг мазмунли қисмларидан бири бўлди. Бухоро туманидаги 30-сонли умумтаълим мактаби битирувчилари билан ўтказилган учрашувда уларнинг орзу-интилишлари, келажак режалари ва муаммолари тингланди. Айниқса, олий таълимга кириш, касб танлаш, бандлик ва тадбиркорликни йўлга қўйиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Шунингдек, “Креатив тадбиркор ёшлар”, “Хавфсиз миграция”, “Ёш фермерлар тажриба мактаби” ҳамда “IT ва сунъий интеллект етакчилари” каби лойиҳаларнинг мазмун-моҳияти ёшларга тушунтирилди. Бу эса уларда ўз келажагини аниқ режалаштириш ва фаол позиция эгаллашга бўлган ишончни кучайтирди.
Тадбир якунида мактаб битирувчиси, республика фан олимпиадаси ғолиби ва олтин медаль соҳиби Шоҳжаҳон Қобилов алоҳида эътироф этилди. Унинг ютуқлари ёшлар учун ибрат намунаси сифатида кўрсатилди.
“Халқ билан бирга” дастури доирасида ўтказилаётган бу каби тадбирлар аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, ижтимоий муаммоларга ечим топиш ва ёшларни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.