“ЎФФ Президенти кубоги”: 18 та жамоа кейинги босқичга йўл олди
Пойтахтимизда ҳаваскор жамоалар ўртасида мини-футбол бўйича ўтказилаётган “ЎФФ Президенти кубоги – 2026/2027” мусобақасининг саралаш босқичи қизғин баҳсларга бой бўлди.
Икки кун давомида Тошкент ахборот технологиялари университети спорт залида ташкил этилган биринчи босқич учрашувларида 36 та жамоа кейинги босқич йўлланмалари учун ўзаро куч синашди.
Ҳаваскор спортчиларни қўллаб-қувватлаш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, мини-футболни янада оммалаштириш ва иқтидорли спортчиларни кашф этишга қаратилган мазкур мусобақа иштирокчилар учун ўз маҳоратини намойиш этиш имкониятини яратмоқда.
Саралаш баҳслари муросасиз ва шиддатли учрашувларга бой кечди. Жамоалар майдонда ўзаро ҳамжиҳатлик, тезкорлик ва ғалабага бўлган интилишини намоён этди. Айниқса, ҳал қилувчи вазиятлардаги кескин курашлар, ҳужумкор ўйинлар ва спортчиларнинг фаоллиги мусобақага ўзгача руҳ бағишлади.
Икки кунлик баҳслар якунига кўра, 36 та жамоадан 18 таси саралашнинг навбатдаги босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Жорий йилнинг 31 октябрь куни ўтказилиши белгиланган иккинчи босқич учрашувларида ушбу 18 та жамоа мусобақанинг кейинги босқичига чиқиш учун баҳс олиб боради.
[gallery-32160]
Ғолиб жамоалар “ЎФФ Президенти кубоги – 2026/2027” мусобақасидаги иштирокини давом эттиради.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА