Одил Ёқубовнинг дунёга машҳур “Улуғбек хазинаси” романи — инглиз тилида
Ўзбекистон Республикаси халқ ёзувчиси Одил Ёқубовнинг машҳур “Улуғбек хазинаси” романи эндиликда инглиз тилида ҳам жаҳон китобхонларига тақдим этилди.
Ушбу йирик адабий лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармонига мувофиқ, буюк адиб таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан 2026 йилда кенг нишонланиши режалаштирилган юбилей тадбирларига муносиб маданий туҳфа сифатида амалга оширилди.
2025 йилда адибнинг 100 йиллик юбилейига бағишланган ташаббус доирасида ёзувчининг рафиқаси — “Дўстлик” ордени соҳибаси Марям ая Шариатуллаева (Ёқубова) томонидан берилган оқ фотиҳа ва розилик асосида “Улуғбек хазинаси” романини инглиз тилига таржима қилиш лойиҳаси бошланган эди.
Ушбу муҳим илмий-адабий жараён Андижон давлат чет тиллар университети докторанти Абдуллажон Рўзиев раҳбарлигида амалга оширилди.
Кейинчалик лойиҳа университет раҳбариятининг қўллаб-қувватлаши билан халқаро ҳамкорлик даражасига кўтарилди. Таржима жараёнида америкалик муҳаррирлар — Шимолий Каролина университети битирувчиси Матю Пиерро (Mattew Pierro) ва Алон Шнейдман (Alon Schenidman) фаол иштирок этди.
Уларнинг ҳамкорлиги натижасида роман инглиз тилига таржима қилиниб, Amazon платформасида ва Ўзбекистонда нашр этилди.
Мирзо Улуғбек ҳаёти, унинг илмий-маърифий мероси ва тарихий шахс сифатидаги ўрни тасвирланган ушбу роман эндиликда халқаро китобхонларга Ўзбекистон тарихининг муҳим саҳифаларини, миллий маданият ва адабий меросни янада яқинроқ танитиш имконини беради. Асар глобал адабий майдонда ўзбек тарихий романининг ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Китоб замонавий нашр стандартларига мувофиқ равишда қаттиқ муқова (hardcover), юмшоқ муқова (paperback) ҳамда электрон (ebook) форматларда чоп этилди ва кенг китобхонлар оммаси учун Amazon платформаси орқали дунё бўйлаб тақдим этилди.
Айтиш керакки, буюк бобокалонимиз ҳақида ҳикоя қилувчи “Улуғбек хазинаси” романи дунёнинг элликка яқин тилларига таржима қилинган.
Ушбу тарихий романда улуғ астроном бобомизнинг илм-фан йўлида чеккан заҳматлари, фидокорона ва оғир синовларга тўла ҳаёт йўли, наинки халқимиз, балки бутун инсониятга қолдирган бой илмий-маърифий мероси ҳақида ғоят таъсирчан ва ҳаяжонли тарзда ҳикоя қилинади. Шубҳа йўқки, буюк бобомиз Мирзо Улуғбек қолдирган бебаҳо хазина бугун инсониятнинг тараққиёти, замонавий илм-фан учун ҳам хизмат қилмоқда. Шу сабабли ҳам устоз ижодкор Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси” романи жаҳон китобхонлари ва жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Келгуси йилда Одил Ёқубовнинг “Қўҳна дунё” романини инглиз тилига таржима қилиб нашр этиш кўзда тутилган.
Н.Усмонова,
ЎзА