Бухорода кутубхоначилик соҳаси тарихи ва истиқболи муҳокама қилинди
Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро вилояти ахборот-кутубхона марказида «INFOLIB O‘ZBEKISTON–2026» XV Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги доирасида «Маърифат маскани – 105 йил: тарихдан келажак сари, маърифат билан ҳамқадам!» мавзусида илмий конференция бўлиб ўтди.
Анжуманда соҳа олимлари, тарихчи ва манбашунослар, кутубхона мутахассислари иштирок этди. Бухорода кутубхоначиликнинг бир асрдан ортиқ тарихи, ноёб Шарқ қўлёзмаларини ўрганиш ва тарғиб этиш, ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини юксалтириш ҳамда соҳага замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Конференцияда Бухорода 1920–1930 йилларда кутубхоначилик фаолиятининг шаклланиши, қўлёзма китобларни тўплаш тарихи ҳақида маърузалар тингланди. Марказ фондида сақланаётган ноёб Шарқ қўлёзмаларининг илмий ва тарихий аҳамияти хусусида сўз юритилди.
Ёш авлоднинг китобхонлик маданиятини юксалтиришда ахборот-кутубхона муассасаларининг ўрни ва келгусидаги вазифаларига алоҳида эътибор қаратилди. Кутубхоналар бугун китоб сақлаш ва мутолаа қилиш маскани бўлиш билан бирга, аҳолининг билим ва ахборотга бўлган эҳтиёжини қондирувчи, маънавий камолотига хизмат қилувчи марказ сифатида ривожланаётгани таъкидланди.
Анжуман доирасида марказнинг 105 йиллигига бағишланган «Муқаддас заминнинг маърифат хазинаси» китоби тақдимоти ўтказилди. Нашрда муассасанинг ташкил топиши, тараққиёт босқичлари ва ҳудуд маърифий ҳаётида тутган ўрни ёритилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Миллий кутубхонасида фойдаланиш мумкин бўлган хорижий илмий-таълимий маълумотлар базалари ҳамда online.natlib.uz масофавий хизматлар платформаси имкониятлари таништирилди. Рақамли ресурслардан самарали фойдаланиш, илмий ахборотни масофадан олиш ва электрон хизматлар кўламини кенгайтириш бўйича маълумот берилди.
[gallery-32554]
Конференцияда кутубхоначиликнинг бой тарихий тажрибасини замонавий ёндашувлар билан уйғунлаштириш, мутолаа маданиятини ривожлантириш ҳамда ахборот-кутубхона хизматлари сифатини ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА