ОЧЛ: Бугун «Нефтчи» — «Ал-Иттиҳод» баҳси билан 3-турга старт берилади
Бугун Осиё чемпионлар лигаси элит мусобақасининг умумий босқичида 3-тур учрашувлари бошланади. Турнинг илк баҳсида Фарғонанинг «Нефтчи» жамоаси Саудия Арабистонининг «Ал-Иттиҳод» клубини қабул қилади. Шунингдек, Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси Ироқда «Эйр Форс»га қарши баҳс олиб боради.
Фарғонадаги «Истиқлол» стадионида ўтадиган учрашув Тошкент вақти билан соат 18:45 да бошланади.
Учрашув олдидан ўтказилган ташкилий йиғилишда жамоаларнинг либослари ҳам келишиб олинди. Унга кўра, «Нефтчи» майдонга анъанавий сариқ-қора рангли либосда, меҳмонлар эса тўлиқ оқ рангли либосда тушади.
Ўйинда бош ҳакам вазифасини иорданиялик Адҳам Муҳаммад Тума Маҳадме бажаради. Унга ҳамюрти Муҳаммад Мустафо Ҳасан Алкалаф ва Аҳмад Муоннес Нади Алроалле қанотларда ёрдам беради.

Шунингдек, бугун Тошкент вақти билан соат 23:15да Бағдод шаҳридаги «Мадина» стадионида «Эйр Форс» ва «Пахтакор» жамоалари ўртасидаги баҳс бошланади.
Маълумот учун, пойтахтимиз жамоасининг навбатдаги рақиби Ироқ чемпиони унвонини саккиз марта қўлга киритган ва ОФК Кубогининг уч карра ғолиби ҳисобланади. Ўтган мавсумда ҳам ушбу клуб Ироқ чемпионатида ғолиб бўлган.
«Шерлар» мазкур жамоага қарши шу кунга қадар уч марта майдонга тушган. Ушбу учрашувларда «Пахтакор» икки ғалаба ва бир дуранг қайд этган. Тўплар нисбати — 3:1.
Умуман, «Пахтакор» Осиё клублар мусобақаларида Ироқ жамоаларига қарши жами тўққизта учрашув ўтказган. Дастлаб, 2003 йил Тошкентда «Ал-Талаба»га қарши баҳсда 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган.
2005 йил «Завра» билан гуруҳ босқичидаги учрашувларда ироқликлар 2:1 ва 1:0 ҳисобларида устун келган. 2008 йил «Арбил»га қарши баҳсларда эса «Пахтакор» Тошкентда 2:0, сафарда 5:1 ҳисобида ғалаба қозонган.
2019 йил «Эйр Форс»га қарши Тошкентда ўтказилган плей-офф учрашувида жамоамиз 2:1 ҳисобида зафар қучган. 2021 йил ушбу клуб билан кечган баҳсларда 0:0 ва 1:0 натижалари қайд этилган. Охирги учрашувда эса «Шорта» билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйналган.
Шу тариқа, «Пахтакор» Ироқ клубларига қарши ўтказган тўққизта учрашувда беш ғалаба, икки дуранг ва икки мағлубият қайд этган. Рақиблар дарвозасига 14 та гол урган жамоа ўз дарвозасидан бешта тўп олиб чиққан.
Бугун ўтказиладиган бошқа учрашувлар:
21:00, «Ал-Аҳли» — «Ал-Гарафа», «Ал-Айн» — «Трактор»;
23:15, «Ал-Наср» — «Ал-Васл», «Ал-Қодисия» — «Ал-Садд».
Тур эртага, 27 октябрь куни «Шабаб Ал-Аҳли» — «Истиқлол» ва «Ал-Шамал» — «Ал-Ҳилол» учрашувлари билан якунланади.
Эслатиб ўтамиз, Элит Осиё чемпионлар лигасининг иккинчи туридан кейин «Ал-Айн», «Истиқлол», «Ал-Ҳилол» ва «Шабаб Ал-Аҳли» жамоалари олти очкодан жамғарган. Улар тўплар нисбатига кўра тўртликни эгаллаб турибди.
«Ал-Аҳли» ва «Ал-Қодисия» ҳисобида тўрт очкодан мавжуд бўлиб, улар бешинчи ва олтинчи поғоналардан жой олган. «Нефтчи» ҳамда «Ал-Наср» эса кучли саккизталикни якунлаб бермоқда.
«Пахтакор» ва «Ал-Шамал» икки очкодан жамғарган ҳолда тўққизинчи ва ўнинчи ўринларни банд этган. «Ал-Иттиҳод» ҳамда «Трактор» бир очкодан жамғариб, 11–12-поғоналарда бормоқда.
Дастлабки икки турда мағлубиятга учраган «Ал-Гарафа», «Ал-Васл», «Ал-Қува Ал-Жавия» ва «Ал-Садд» жамоалари эса ҳозирча очко жамғара олмаган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА