Нурота тумани таълим тизимида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда
Мамлакатимизда таълим соҳасини ривожлантириш, ёш авлод учун замонавий ва муносиб шароитлар яратиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани янги ўқув йилига бўлган масъулиятни янада оширмоқда.
Президентимиз томонидан мактаб ўқувчилари ва устоз-мураббийларга йўлланган табрикда ҳам ёш авлодга сифатли таълим-тарбия бериш, уларнинг билим олиши, иқтидори ва қобилиятини намоён этиши учун барча имкониятларни яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани алоҳида таъкидланган. Бу юксак эътибор ва ишонч мамлакатимизнинг барча ҳудудларида, жумладан, Нурота туманида ҳам амалий ишлар билан уйғунлашмоқда.
– 2026/2027 ўқув йилини муносиб бошлаш мақсадида тумандаги таълим муассасаларида кенг кўламли тайёргарлик ишлари амалга оширилди, – дейди таман мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Камола Шамиева. – Бу жараёнда мавжуд мактабларни таъмирлаш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш билан бир қаторда, янги, замонавий таълим масканларини барпо этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, “Нуробод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қиймати 11 миллиард сўм бўлган, 330 ўринга мўлжалланган 1-сонли умумтаълим мактаби барпо этилиб, янги ўқув йили арафасида ўз эшикларини ўқувчилар учун очди. Замонавий таълим муассасасининг фойдаланишга топширилиши маҳалладаги болалар учун янада қулай шароит яратиш билан бирга, таълим сифатини оширишга хизмат қиладиган муҳим қадам бўлди.

Таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларда ўқувчиларнинг нафақат билим олиши, балки жисмонан соғлом ва ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етишига ҳам алоҳида аҳамият берилмоқда. Шу мақсадда Кичиксой қишлоғидаги 30-сонли умумтаълим мактабида қиймати 1,3 миллиард сўм бўлган замонавий 12х24 метрли спорт зали қурилиб, фойдаланишга топширилди. Мазкур иншоот ўқувчиларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши ва соғлом турмуш тарзига амал қилиши учун кенг имконият яратади.
Тумандаги таълим муассасаларини капитал таъмирлаш ишлари ҳам изчил давом эттирилди. Жумладан, 20-сонли умумтаълим мактабида 8 миллиард сўмлик, 42-сонли умумтаълим мактабида эса 5 миллиард сўмлик капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. “Чуя” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 15-сонли мактабгача таълим ташкилотида ҳам 117,3 миллион сўмлик капитал таъмирлаш ишлари бажарилди.

Ислоҳотлар мактаб таълими билан чекланмай, мактабгача таълим тизимини ҳам қамраб олмоқда. Ҳозир Сентоб, Жарма ва Нуробод маҳаллаларида жами 390 ўринли 3 та янги давлат мактабгача таълим ташкилоти қурилмоқда. Янги боғчаларнинг барпо этилиши болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш кўламини кенгайтириш, уларнинг илк билим ва кўникмаларини шакллантириш учун зарур шароитларни яратишга хизмат қилади.


Зеро, таълим тизимида амалга оширилаётган ҳар бир янгиланиш инсон манфаати, ёш авлод келажаги учун амалга оширилаётганлиги билан аҳамиятлидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири