Нуронийлар тажрибаси – ёшлар тарбиясида муҳим мактаб
Фарғона шаҳрида «Бир нуроний – ўн ёшга масъул» республика танлови бўлиб ўтмоқда. Унда Қорақалпоғистон Республикаси ва мамлакатимизнинг барча вилоятларида ўтказилган ҳудудий босқичлар ғолиблари иштирок этмоқда.
Танловдан кўзланган асосий мақсад нуронийларнинг ҳаётий тажрибаси, бой билим ва маънавий салоҳиятидан ёш авлод тарбиясида самарали фойдаланиш, кекса авлод вакиллари ҳамда ёшлар ўртасидаги авлодлар ворислигини мустаҳкамлашдан иборат.
Маълумки, «Бир нуроний – ўн ёшга масъул» ташаббуси жамият ҳаётида муҳим ижтимоий-маънавий ҳаракат сифатида шаклланиб бормоқда. Унинг замирида оддий, аммо ҳаётий жиҳатдан ниҳоятда муҳим ғоя мужассам: ҳар бир нуроний ўзининг ҳаёт сабоқлари, меҳнат тажрибаси, касбий маҳорати ва инсоний фазилатлари билан ўн нафар ёшга йўл-йўриқ кўрсатиши, уларнинг камолотига ҳисса қўшиши лозим.

Бу жараён фақат насиҳат ва тавсиялар билан чекланмайди. Нуронийлар ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, бўш вақтини мазмунли ташкил этиши, китобхонликка қизиқиши, жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашади. Айниқса, ҳаётий муаммоларга дуч келган ёшлар билан якка тартибда ишлаш, уларни тўғри йўлга йўналтириш, оила ва маҳалла муҳитида соғлом маънавий иқлимни қарор топтиришда бу ташаббуснинг ўрни катта.
Фарғонада ўтаётган республика танлови ана шу эзгу ҳаракатнинг мазмун-моҳиятини, ҳудудларда тўпланган илғор тажрибаларни намоён этиш, уларни ўзаро таққослаш ва оммалаштириш учун муҳим майдон бўлмоқда.
Танлов иштирокчилари белгиланган шартлар асосида ўз фаолияти, ёшлар билан ишлаш тажрибаси, амалга оширган ишлари ва эришган натижалари ҳақида чиқишлар қилмоқда. Уларнинг чиқишлари, танлов шартларининг бажарилиши «Ишонч» газетаси бош муҳаррири Ҳусан Эрматов раислигидаги ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилмоқда.
Эътиборлиси, танловда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган нуронийлар ўз тажрибалари билан ўртоқлашиш, бир-бирларининг иш услублари билан танишиш ва янги ташаббуслар олиш имкониятига эга бўлмоқда.

Зеро, ёшлар тарбияси фақат оила ёки таълим муассасаларининг вазифаси эмас. Бу бутун жамиятнинг умумий масъулияти. Нуронийларнинг ҳаётий тажрибаси, ота-оналарнинг эътибори, устозларнинг билими ва маҳалланинг ҳамжиҳатлиги бирлашгандагина баркамол авлодни тарбиялашдек эзгу мақсадга эришиш мумкин.
Айни пайтда республика танлови давом этмоқда. Унинг натижалари ва ғолиблар номи тадбир якунида маълум бўлади.
Муҳаммаджон Обидов,
Элёр Олимов (видео), ЎзА