Нукусда оммавий югуриш марафони
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида Silk Road халқаро лойиҳаси доирасида беш йўналиш бўйича спортчилар, талабалар, уюшмаган ёшлар ва боғча тарбияланувчиларини ўз ичига олган оммавий югуриш марафони ўтказилди.
Дастурга 10 ва 5 километр масофаларга мўлжалланган Silk Road Нукус оммавий югуриш мусобақалари, Талаба Югур талабалар старти, ногиронлиги бўлган шахслар иштирокидаги Инсон Учун инклюзив оммавий югуриш мусобақаси ҳамда 500 ва 250 метр масофаларга Кидс Рун болалар оммавий югуриш мусобақалари киритилди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга, оммавий спортни кенг тарғиб қилишга, ёшларни спортга жалб этишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Мазкур марафон ҳам ана шу йўналишдаги тадбирлардан бири бўлиб, спортчилар, ҳарбий хизматчилар, олий ўқув юртлари талабалари, маҳаллалардаги 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган беш минг нафардан ортиқ иштирокчини ўзида жамлади. Албатта, бундай тадбирлар соғлом турмуш тарзини шакллантириш, халқимиз саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим ҳисобланади.
10 ва 5 километр масофаларга ўтказилган оммавий югуриш мусобақалари ғолиб ва совриндорларига ташкилий қўмита ҳамда тадбир ҳамкорлари томонидан пул мукофоти, 250 ва 500 метр масофаларга ўтказилган Кидс Run болалар оммавий югуриш мусобақаларининг ғолиб ва совриндорларига қимматбаҳо совғалари топширилди.

Марафоннинг тақдирлаш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев иштирок этди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА