Нострификация бўйича имтиҳон санаси маълум бўлди
2026 йил 21 май куни хорижий давлатларда таълим олганлик ҳақидаги ҳужжатларни тан олиш — нострификация бўйича тест синовлари ўтказилади.
Талабгорлар my.gov.uz сайти ёки Давлат хизматлари марказлари орқали рўйхатдан ўтиш жараёнида топширган ариза рақами орқали тест синовида иштирок этиши белгиланган талабгорлар рўйхати, тест топшириладиган фанлар ҳамда имтиҳон ҳудудлари ҳақидаги маълумотлар билан махсус PDF файл орқали танишишлари мумкин.
Имтиҳон иштирокчилари белгиланган вақтдан кечикмаган ҳолда тест ўтказиладиган бинога шахсини тасдиқловчи ҳужжат — паспорт ёки ID-карта билан келиши лозим.
Шунингдек, турли сабабларга кўра тест топшириш ҳудуди ёки имтиҳон тилини ўзгартириш истагида бўлган талабгорлар махсус телеграм-бот орқали мурожаат қилишлари мумкин. Бунда ариза рақами, фамилияси, исми ва шарифи кўрсатилиши лозим.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА