НАСА таъқиб қилаётган триллион долларлик астероид сири
НАСА тадқиқ қилаётган 16-Психея астероиди олимлар эътиборини тортди. Маълумотга кўра, Марс ва Юпитер орбитаси орасида жойлашган бу улкан фазовий жисм таркибида темир, никель, платина ва эҳтимол Ерда шу пайтгача қазиб олинган олтиндан ҳам кўпроқ қимматбаҳо металл бўлиши мумкин экан.
Зеро, астероиднинг тахминий назарий қиймати "триллион долларлик астероид" ёки "коинот хазинаси" таърифли сарлавҳаларни юзага чиқарди.
1852 йил италиялик астроном Аннибал де Гаспарис томонидан кашф этилган бу объектнинг айланаси қарийб 220 километр. Олимлар Психея қадимда шаклланаётиб парчаланиб кетган сайёранинг очиқ металл ядроси бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Агар шу фараз тасдиқланса, инсоният илк бор сайёра ядросига ўхшаш тузилмани бевосита ўрганиш имконига эга бўлади.
НАСА 2023 йил “SpaceX”нинг “Falcon Heavy” ракетаси ёрдамида Психея томон миссия учирди. Манзилига 2029 йил етиб бориши кутилаётган ушбу фазовий қурилма астероид атрофида айланиб, объектнинг таркиби, магнит майдони, гравитацияси ва ички тузилишини тадқиқ этади.
Мутахассислар Психеянинг ҳақиқий қиймати моддий бойлиги эмас, балки Қуёш тизими ва Ерга ўхшаш сайёралар қандай шаклланганини тушунишга ёрдам бериши билан баҳоланишини таъкидламоқда. Астероидларда қазиш ишларини олиб бориш ғояси кўп йилдан бери муҳокама қилинса-да, ҳозирги замонавий технология Психеядан фойдали қазилма олиб келиш имконини бермайди. Демак, бу лойиҳа ҳозирча тижорий эмас, илмий миссия.
Саида Абдулазиззода, ЎзА