Ноқонуний тамаки айланмаси 7 фоизгача камайди
Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази томонидан Тошкент шаҳрида “Никотин муқобилларини тартибга солишнинг долзарблиги: жамоат саломатлиги ва иқтисодиёт манфаатлари мувозанати” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда асосий эътибор Ўзбекистонда никотин маҳсулотлари бозорини тартибга солишдаги сўнгги ўзгаришлар, ноқонуний савдо кўрсаткичлари ва жамоат саломатлиги соҳасида хавф-хатарга асосланган ёндашувдан фойдаланаётган хорижий мамлакатларнинг халқаро тажрибаси натижаларига қаратилди. Иштирокчилар маҳсулотларнинг ноқонуний айланмаси, яширин бозор туфайли юзага келаётган иқтисодий йўқотишлар ва соҳани янада шаффоф тартибга солишнинг самарали механизмларини атрофлича муҳокама қилдилар.

Давра суҳбатида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошидаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси ходимлари ҳам сўзга чиқиб, соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида тўхталдилар. Инспекция вакиллари тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига қарши кўрилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги ҳамда яширин иқтисодий ҳаракатларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар юзасидан фикр алмашдилар. Айниқса, бозорни рақамлаштириш ва “ИСАТ” ахборот тизимининг жорий этилиши соҳадаги хавфларни барвақт аниқлашда муҳим аҳамият касб этаётгани алоҳида қайд этилди.

Таъкидлаш жоизки, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда яширин иқтисодиётга чек қўйиш борасида жами 1 655 та тезкор тадбир ўтказилган. Ушбу тадбирлар доирасида истеъмолга яроқсиз ҳамда инсон соғлиғи учун жиддий хавф туғдирувчи 48,7 миллиард сўмлик алкоголь ва спирт, шунингдек, 49,3 миллиард сўмлик тамаки маҳсулотлари ноқонуний муомаладан олинди. Кўрилаётган тизимли ва изчил чора-тадбирлар натижасида мамлакатимизда ноқонуний тамаки айланмасини 2023 йилдаги 24,8 фоиздан 2025 йил якунига келиб 7 фоизга қадар қисқартиришга эришилди.

Давра суҳбати якунлари бўйича иштирокчилар томонидан Ўзбекистонда никотин муқобилларини тартибга солиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш масалаларини келгусида экспертлар муҳокамасига тақдим этиш учун тегишли тавсия ва таклифлар пакети тайёрланди.
ЎзА