Ногиронлиги бўлган шахсларни ишга олганда солиқлар камаяди
Парламент қуйи палатаси мажлисида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Мазкур лойиҳа бўйича Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори ўринбосари С.Абдуллаев батафсил маълумот берди.
Таъкидланганидек, лойиҳага кўра, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини халқаро стандартлар асосида янада мустаҳкамлаш, уларнинг одил судловдан тўлиқ ва тенг фойдаланишини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя тизимини манзилли ва самарали ташкил этиш назарда тутилмоқда.
Энди барча ижтимоий хизматлар, нафақа ва имтиёзлар "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ва "Камбағал оилалар реестри" негизида тузилган ягона база — “Ижтимоий реестр” орқали тақдим этилади.

Бундан ташқари, Солиқ кодексига ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлашни рағбатлантирувчи қатор имтиёзлар киритилмоқда.
Жумладан, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган юридик шахслар учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланмоқда. Ногиронлиги бўлган ходимларга ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ айрим харажатлар (озиқ-овқат, кийим-кечак, гигиена воситалари харажатлари) фойда солиғидан чегириб ташланадиган харажатлар рўйхатига киритилади.
Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар меҳнат қилаётган корхоналар учун мол-мулк ва ер солиғи бўйича қўшимча енгилликлар бериш таклиф қилинмоқда.
“Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида фаолият юритаётган тадбиркорларни 2030 йилгача ижтимоий солиқдан ташқари барча турдаги солиқлардан озод қилиш назарда тутилмоқда. Ушбу хизматлардан фойдаланган жисмоний шахсларга бу хизмат учун тўланган маблағнинг 3 миллионгача бўлган қисмини даромад солиғидан озод қилиш кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ҳудудий бўлинмаларига ортиқча тўланган нафақаларни ундириш юзасидан судга мурожаат қилишда давлат божини тўлашдан озод қилиш белгиланмоқда.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳасидаги нормалар ижтимоий ёрдам ва хизматларнинг манзиллилигини таъминлашга, ижтимоий эҳтиёжманд қатламлар учун имтиёз ва қўшимча имкониятлар яратишга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА