Ногиронлиги бўлган шахслар учун реабилитация хизматлари: халқаро тажриба Ўзбекистонда муҳокама қилинди
Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш энди фақат тиббий ёрдам билан чекланмайди.
Замонавий ёндашув инсонни жамиятга тўлиқ интеграция қилиш, унинг мустақил ҳаётини таъминлаш, таълим ва меҳнат бозорида иштирок этиши учун зарур шароитларни яратишни ҳам назарда тутади. Шу жиҳатдан Тошкентда ўтказиладиган халқаро конференция ижтимоий ва реабилитация хизматларини ривожлантириш масалалари бўйича муҳим мулоқот майдонига айланди.
Пойтахтда “Ижтимоий ва реабилитация хизматларини ривожлантириш, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш” мавзусида халқаро конференция ташкил этилди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг Меҳнат, бандлик ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича маслаҳат кенгаши кўмагида ўтказилди.
Конференцияда Ўзбекистон билан бир қаторда Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Россия Федерациясининг тегишли вазирлик ва идоралари вакиллари, МДҲ Ижроия қўмитаси, соҳа экспертлари ва мутахассислари иштирок этди.
Конференциянинг асосий мақсади — МДҲ давлатлари ўртасида ижтимоий таъминот ва реабилитация хизматларини ривожлантириш, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан иборат. Айниқса, ногиронлиги бўлган фуқароларнинг меҳнат бозоридаги иштирокини кенгайтириш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш бўйича халқаро тажриба алмашишга алоҳида эътибор қаратилди.

Сессияларда ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация ва абилитация қилишнинг замонавий тизимлари, ижтимоий хизматларни ривожлантириш, ногиронликни белгилашда янги ёндашувлар ҳамда ногиронлиги бўлган фуқароларни очиқ меҳнат бозорига интеграция қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Бугун реабилитация тушунчаси инсоннинг соғлиғини тиклашдан анча кенг маънони англатади. У шахснинг кундалик ҳаётда мустақил бўлиши, касб эгаллаши, ишлаши, жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун зарур имкониятларни яратишни ҳам қамраб олади. Шу боис конференцияда тиббий ва ижтимоий хизматларни уйғунлаштириш, комплекс реабилитация тизимини такомиллаштириш ҳамда хизматлар сифатини ошириш бўйича илғор ёндашувлар тақдим этилди.
Ялпи мажлис ва сессияларда комплекс реабилитациянинг жаҳон ва миллий тенденциялари, тиббий-ижтимоий хизматларни такомиллаштириш ҳамда МДҲ давлатлари билан ижтимоий соҳадаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари кўриб чиқилди. Шунингдек, иштирокчилар ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва уларга кўрсатиладиган хизматлар самарадорлигини оширишга қаратилган амалий ёндашувлар билан ўртоқлашди. Конференциянинг аҳамиятли жиҳатларидан яна бири — унда муҳокама қилинган таклифларнинг амалий натижага йўналтирилиши. Тадбир якунида Конференция резолюциясини қабул қилиш масаласи кўриб чиқилди.
11 сентябрь куни эса конференция иштирокчилари Ўзбекистонда реабилитация хизматларини кўрсатиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Кутилаётган натижа — турли давлатлар тажрибасини ўрганиш орқали ногиронлиги бўлган шахслар учун янада сифатли, қулай ва инсон манфаатига йўналтирилган хизматларни шакллантириш бўйича янги ечимларни белгилашдир.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА