ННТлар грант танловларида фаол иштирок этади
Андижонда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан «Давлат грант танловида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг иштирокини таъминлаш ҳамда лойиҳаларни ишлаб чиқиш самарадорлигини ошириш» мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Семинарда вилоятда фаолият олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари муҳаррирлари иштирок этди.


– Семинарнинг асосий мақсади, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг грант танловидаги иштирокини фаоллаштиришга қаратилган, – дейди Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Шерзодбек Валиев. – Уларнинг грант танлови шартлари ва талаблари бўйича хабардорлиги, билим ва кўникмаларини оширишга кўмаклашишдан иборат бўлди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ва унинг вилоят бўлими томонидан эълон қилинган грант танловларида иштирок этиш, белгиланган йўналишларда лойиҳалар тайёрлаш ҳамда тақдим этиш тартиблари хусусида сўз юритилди.
Хусусан, танловга тақдим этиладиган ижтимоий лойиҳаларни шакллантириш ва расмийлаштириш, лойиҳа доирасидаги фаолиятни режалаштириш масалалари юзасидан амалий тушунтириш, таклиф ва тавсиялар берилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири