Республика экологик танловининг барча совринли ўринларини жиззахлик ўқувчилар эгаллади
Жиззах шаҳридаги 3- ва 19-мактаблар ўқувчилари “Боғингни ярат” Республика танловида биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллади. Қозоғистон Республикасидан ҳам ўқувчилар қатнашган мазкур беллашувдаги бу натижа шаҳар мактаблари жамоаларининг муваффақиятини намоён этди. Танлов якунида иштирокчилар мактаб ҳудудига 100 туп дарахт кўчати экди.
Жиззах шаҳридаги 3-сонли умумтаълим мактабида ўтказилган тадбир “Саломатлик йўналишлари” таълим дастури доирасида ташкил этилган экологик танловнинг якуний босқичи бўлди. Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Республика таълим маркази ҳамда «Нестлé» компанияси ҳамкорлигида амалга оширилди. Мусобақа мамлакатнинг турли ҳудудларидан 400 нафардан ортиқ иштирокчини бирлаштирди.
Танловнинг бош мақсади болаларда экологик маданиятни шакллантириш, табиатга эҳтиёткорона муносабатни мустаҳкамлаш ва атроф-муҳитни асрашга қаратилган ташаббусларни рағбатлантиришдан иборат. Иштирокчилар педагоглар кўмагида инсон ва табиат муносабатларини ёритувчи плакатлар тайёрлади. Уларнинг ишлари махсус сайтга жойлаштирилди. Ғолиблар ҳакамлар ҳайъати баҳоси ва томошабинлар овози орқали аниқланди.
Якуний натижаларга кўра, Жиззах шаҳридаги 3-сонли умумтаълим мактабининг 3-“А” синфи биринчи ўринни қўлга киритди. Шу мактабнинг 3-“Б” синфи иккинчи ўринга муносиб кўрилди. Шаҳардаги 19-сонли умумтаълим мактабининг 3-“А” синфи эса учинчи ўринни эгаллади. Шунингдек, танлов лауреатлари ва томошабинлар эътирофи номинацияси ғолиблари ҳам тақдирланди. Ғолибларга дипломлар, эсдалик совғалари ва мактаб ҳудудида экиш учун кўчатлар берилди.
Бу натижалар болаларнинг ижодий ёндашуви билан бирга, экологик мавзуларни таълим жараёнида амалий тарзда ёритиш муҳимлигини ҳам кўрсатади. Танловда ўқувчилар табиатни муҳофаза қилиш ғояларини плакатларда ифодалаш билан чекланмай, якуний тадбирда кўкаламзорлаштириш ишларида ҳам қатнашди.
[gallery-32273]
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг маслаҳатчиси – матбуот котиби Лола Раҳманбаева экологик тарбияда амалий иштирок муҳимлигини таъкидлади. Унинг фикрича, болаларга табиатни асраш зарурлигини тушунтиришнинг ўзи кифоя қилмайди. Уларни экологик ташаббусларга жалб этиш ва ҳаракатлари натижасини кўрсатиш ҳам муҳим.
“Боғингни ярат” танлови “Саломатлик йўналишлари” дастурининг амалий давоми ҳисобланади. “Nestlé for Healthier Kids2 глобал ташаббуси доирасида амалга оширилмоқда. У болаларда соғлом турмуш тарзи ва атроф-муҳитга масъулиятли муносабатни шакллантиришга хизмат қилади.
“Nestlé” компаниясининг Евроосиё минтақаси бўйича ички коммуникациялар менежери– Юлия Ледак болалар саломатлигига комплекс ёндашиш муҳимлигини қайд этди. Унинг таъкидлашича, фойдали одатларни шакллантиришда мактаб ва оила ҳамкорлиги алоҳида ўрин тутади. Ота-оналарнинг таълимий ташаббусларда иштирок этиши соғлом ҳаёт ва табиатга ғамхўрликни оилавий қадриятга айлантиришга ёрдам беради.
Тақдирлаш маросимидан сўнг ўқувчилар, педагоглар, ота-оналар ва меҳмонлар мактаб ҳудудига 100 туп дарахт кўчати экди. Бу ташаббус болаларга ўзлари таълим оладиган муҳитни ободонлаштиришда бевосита иштирок этиш имконини берди. Шу тариқа танловда илгари сурилган экологик ғоя амалий иш билан давом этди.
Жиззахдаги тадбир таълим муассасалари, давлат ташкилотлари ва хусусий сектор ҳамкорлигида болаларнинг экологик билимларини мустаҳкамлаш мумкинлигини кўрсатди. Танлов табиатни асраш ғоясини болаларга ижодий ва амалий йўллар билан етказиш муҳимлигини яна бир бор намоён этди.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат),
ЎзА