НКМКда комплаенс тизими: коррупцияга қарши муросасиз ёндашув ва очиқлик сиёсати самара бермоқда
Юртимизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Президентимизнинг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкилот ва корхоналарда комплаенс назорати тизими йўлга қўйилди.
Хўш, бугунги кунда мазкур тизим қандай ишламоқда? Тизимнинг самарадорлиги нималарда кўринмоқда? Бу ҳақда “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти Комплаенс хизмати бошлиғи ўринбосари Баҳодир Тошев қуйидагиларни гапириб берди:
– “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятида ҳам 2021 йилдан буён бу тизим самарали фаолият юритиб келмоқда. Комплаенс хизмати зиммасига коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва олдини олиш, уларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ҳамда жамоада коррупцияга нисбатан мутлақо муросасиз муносабатни шакллантириш вазифалари юклатилган.

2026 йилнинг биринчи ярмида мазкур йўналишда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Аввало, коррупцияга қарши курашиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган 24 банддан иборат чора-тадбирлар дастури тасдиқланиб, унинг 9 банди тўлиқ ижро этилди. Шунингдек, рақобат тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилишининг олдини олиш бўйича 9 бандли “Йўл харитаси”нинг ижроси таъминланмоқда.
Ҳуқуқий экспертиза тизими ҳам сезиларли даражада кучайтирилди. Ҳисобот даврида комбинат бошқарувига киритилган 47 та ҳужжат лойиҳаси ҳамда 20 та фуқаролар қабули баённомаси ҳуқуқий ва коррупциявий экспертизадан ўтказилди. Бундан ташқари, марказий аппарат ва таркибий бўлинмалар томонидан тайёрланган 3 629 та ички ҳужжат лойиҳаси таҳлил қилиниб, уларнинг 134 таси амалдаги қонунчилик ва ички меъёрий ҳужжатлар талабларига мувофиқлаштирилди.
Коррупциявий хавф-хатарларни бошқариш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилди. 1 400 та функция таҳлил қилиниб, улардан 2 таси юқори, 34 таси ўрта ва 1 364 таси паст даражадаги хавф сифатида баҳоланди. Аниқланган хавфларни бартараф этиш мақсадида 29 банддан иборат алоҳида чора-тадбирлар дастури қабул қилинди.
Коррупциянинг олдини олишда ҳуқуқий маданиятни ошириш муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадда 2026 йилнинг олти ойи давомида 82 марта ҳуқуқий тарғибот ва профилактика тадбирлари ташкил этилиб, уларда 6 748 нафар ходим иштирок этди. Жумладан, 65 та семинар, телевидение, радио, газета ва ижтимоий тармоқлар орқали тарғибот ишлари олиб борилди. Комплаенс хизмати ходимлари эса 12 марта малака ошириш курсларида қатнашди.
Корхонада ишга қабул қилиш жараёнларида ҳам шаффофликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Танлов асосида ишга қабул қилиниши режалаштирилган 1 344 нафар номзод белгиланган тартибда текширилди. Ишга қабул қилинган 1 331 нафар ходимнинг меҳнат шартномаларига, шунингдек, комбинат томонидан тузилган 6 332 та хўжалик шартномасига коррупцияга қарши махсус шартлар киритилди.
Комплаенс хизмати томонидан 32 марта хизмат текширувлари ўтказилиб, қонунбузилиш ва камчиликларга йўл қўйган 37 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилди. Шунингдек, ўрганишлар натижасида 41 та ички буйруқ амалдаги норматив талабларга мувофиқлаштирилди.
Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ҳам устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Шу мақсадда 5 787 нафар бошқарув ходимидан декларациялар қабул қилиниб, таҳлил натижасида 13 та мавжуд ва 54 та эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви ҳолати аниқланди. Уларни бартараф этиш юзасидан Одоб-ахлоқ комиссиялари томонидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Шартномавий муносабатларда ҳам комплаенс назорати кучайтирилди. Ҳисобот даврида 742 та контрагент текширилди, 4 та контрагент ҳужжатлари санкциявий назоратдан ўтказилди. Шунингдек, Citibank, Deutsche Bank, J.P. Morgan, Raiffeisen Bank ва Societe Generale каби бешта йирик халқаро банк томонидан амалга оширилган халқаро санкциявий назорат жараёнларида комбинат фаол иштирок этди.
Очиқлик ва жамоатчилик билан мулоқотни таъминлаш мақсадида Президентнинг 2022 йил 12 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини баҳолаш учун зарур бўлган 29 турдаги маълумот ва ҳисоботлар “E-Anticor.uz” электрон платформасига ўз вақтида киритилди.
2026 йилнинг иккинчи ярми учун белгиланган вазифалар ҳам аниқ. Улар қаторида ISO 37301:2021 халқаро комплаенс менежменти стандарти бўйича сертификат олиш, коррупцияга қарши сиёсат ва Одоб-ахлоқ кодексини ходимлар ўртасида кенг тарғиб қилиш, ички ҳужжатларни мунтазам коррупциявий экспертизадан ўтказиш ҳамда манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш механизмларини янада такомиллаштириш каби муҳим вазифалар ўрин олган.
Бугунги кунда “Навоий кон-металлургия комбинати”да комплаенс тизими фақат назорат механизми эмас, балки корпоратив бошқарувнинг ажралмас қисмига айланиб бормоқда. Бу эса корхонада очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, коррупция хавфларини минималлаштириш ҳамда халқаро бошқарув стандартларини амалиётга татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
А.Бўриев, ЎзА