Низосиз талабларни ҳал этиш тартиблари соддалаштирилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган, шунингдек, низосиз ишларни ҳал этиш тартиб-таомилларини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.
Хусусан, низосиз ишларни ҳал этиш тартиб-таомилларини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси билан низосиз ишларни кўриш жараёнларини соддалаштириш ва аҳоли учун қулай механизмларни яратиш кўзда тутилган. Лойиҳа билан Фуқаролик процессуал ҳамда Иқтисодий процессуал кодексларида суд буйруғи тартибида кўриладиган айрим низосиз талабларга оид ишлар доираси қайта кўриб чиқилмоқда.

Қайд этилганидек, қонун лойиҳасига кўра, базавий ҳисоблаш миқдорининг минг бараваригача бўлган низосиз ишларни нотариуслар томонидан кўриб чиқиш тартиби жорий этилмоқда. Бунда нотариусларга ижро хатларини ижро органларига электрон шаклда юбориш ваколати берилмоқда. Шунингдек, ижро хатларини расмийлаштириш учун ундириладиган давлат божи миқдорини тартибга солиш назарда тутилган.

Қонун лойиҳасидаги нормалар суд тизими самарадорлигини ошириш, низосиз талабларни ҳал этиш тартиб-таомилларини соддалаштириш ҳамда нотариал хизматлар қамрови ва сифатини яхшилашга хизмат қилади.
Шунингдек, фракция йиғилишида Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатовнинг автомобиль йўлларидаги фото-видео қайд этиш воситаларининг самарадорлиги юзасидан парламент сўровига жавоби ҳам қизғин муҳокама қилинди.
М.Комилова, ЎзА